Барча демократик ўзгаришларнинг асоси фуқароларнинг хоҳиш-иродаси бўлиб, у умумий, тўғридан-тўғри ва тенглик тамойиллари асосида ўтказиладиган сайловларда ўз ифодасини топади. Давлат ҳокимиятининг муҳим органларини шакллантиришнинг электорал механизми, эркин ва очиқ сайловларнинг мунтазам ўтказилиши демократиянинг амалий тасдиғи, мамлакатдаги мавжуд сиёсий тизим легитимлиги, яъни қонунийлигининг бош мезонидир. Мухтасар қилиб айтганда, сайлов демократия, демократия эса сайлов деганидир.
Биламизки, сайловларни ташкил қилишнинг жаҳонда тўртта амалиёти мавжуд. Биринчиси, сайловлар ҳукумат томонидан ташкил этилади. Масалан, Буюк Британия, Италия, Франция ва АҚШда марказий сайлов комиссиялари вазифасини ижро органлари бажаради. Германияда эса сайловни ўтказиш билан Ички ишлар вазирлиги шуғулланади.
Иккинчиси, сайловлар суд органлари томонидан ўтказилади. Мисол учун, Покистонда Марказий сайлов комиссияси Олий ва бошқа судлар раислари орасидан сайланган уч нафар судьядан иборат таркибда бўлади. Руминияда Марказий сайлов комиссиясининг етти кишилик таркиби Олий суд аъзолари орасидан қуръа ташлаш орқали тайинланади.
Учинчиси, бу кўппартиявийлик ёндашуви бўлиб, унда манфаатдор партиялар Марказий сайлов комиссиясига ўз вакилларини тайинлайди.
Тўртинчиси, энг демократик шакл – мустақил Марказий сайлов комиссияси ташкил этиш бўлиб, мамлакатимизда сайловлар айнан ушбу тамойил асосида ўтказилади.
Маълумки, Ўзбекистонда кўппартиявийлик ёндашуви бўлиб, унда партиялардан кўрсатилган номзодлар иштрок этиши белгилаб қўйилган. Юртимизда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида ҳам 5 та партиядан кўрсатилган номзод сайловчиларнинг энг кўп овозини олиш учун ўзаро беллашадилар.
Сиёсий партиялар номзодларининг сайловолди дастурларида кўтарилган устувор вазифалар халқнинг хоҳиш-истаклари, уларни қийнаб келаётган муаммолар қанчалик ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш, ҳаёти фаровонлигини ошириш, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашга қодир дастургина сайловчилар эътиборини қозона олади.
Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурига эътибор қаратсак, у Конституция ҳамда партия платформасига таянган ҳолда, яъни, республика фуқароларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенглиги тамойилигига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган. Дастурда мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган энг муҳим 9 та устувор йўналишда мақсад ва вазифалар белгилаб олинган.
Биринчи йўналиш – аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш.
Иккинчи йўналиш – ижтимоий йўналтирилган иқтисодий сиёсат юритиш.
Учинчи йўналиш – сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёждаги товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш.
Тўртинчи йўналиш – уй-жойлар ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш.
Бешинчи йўналиш – аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш.
Олтинчи йўналиш – ёшларнинг сифатли таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш.
Еттинчи йўналиш – халқ демократияси ва ижтимоий тенглик.
Саккизинчи йўналиш – фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш.
Тўққизинчи йўналиш – ташқи сиёсатда МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиш этиб белгиланган.
Номзоднинг дастуридан жой олган устувор мақсадлар халқимизнинг ҳаётига чуқур кириб борганлиги, аҳолини ўйлантирётган масалаларга катта эътибор қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Тобора яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Президенти сайлови мамлакатимизнинг келгуси 5 йил давомида истиқболи йўлини белгилаб олишида муҳим танлов ҳисобланади.
Жаҳонгир Олимов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.