Яқинда бир маълумотга кўзим тушиб қолди. «Mercy Corps» ташкилоти (АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) томонидан маблағ билан таъминловчи) «Ўзбекистонда таълим ва болалар учун озиқ-овқат Макговерн-Доул халқаро дастури» доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан англашув меморандумини имзолабди.
Янгиликка кўра, бюджети 21,5 миллион АҚШ долларига тенг ушбу дастур 400 дан ортиқ мактабгача таълим муассасасини озиқ-овқат билан таъминлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 245 та қишлоқ ва кам таъминланган мактабгача таълим муассасасидаги 90 000 нафар бола учун овқатланиш ва таълим олишни такомиллаштириш бўйича қўшимча инфратузилмани ривожлантиришни кўзда тутади.
Бу хабарни ўқиб, мактабгача таълим ёшидаги болаларга яхши бўлганидан суюниб турган ҳам эдимки, янгиликка фейсбук ижтимоий тармоғидаги бир фойдаланувчининг изоҳига кўзим тушди. Изоҳда шундай дейилган: “Ҳамкасбимнинг бир қўшниси кунора уларнинг музлатгичига вақтинча гўшт қўйиб туриш одатини чиқарибди. Ёғсиз, суяксиз лаҳм гўшт. Бу гўштдан сотиб олишни ҳам бир-икки марта таклиф қилибди.
Ўзининг музлаткичига сиғдиролмай, бошқаникига қўйиб туришга, ўзлари еб улгуролмай, сотиб юборишга эҳтиёжи туғилган бўлса керак, шўринг қурғурнинг.
Ҳамкасбим суриштириб кўрса, у қўшни болалар боғчасида ошпаз бўлиб ишлар экан. Кейин аёлига қўшни гўштини қўйиб туришга бошқа рухсат бермасликни тайинлабди.
Боғчадаги таомлардан ота-она ва болаларнинг нолигани қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Боғчаларга етиб келгунча гўштлар неча поғоналардан юлиниб-шилиниб, болалар овқатига чандир, ёғ, қуруқ суяклар тушса керак.
Энди Америкадан келаётган ёрдамдан кимлар кўпроқ хурсанд бўлаётгани ва у ёрдамнинг қанчаси болалар ошқозонига етиб боришини тасаввур қиляпман”.
Изоҳда айтилган ҳолатга бирор сўз дейишга ҳам кишининг асаби бардош бермайди. Негаки, келажагимиз эгаси деб тарбиялаётганимиз болаларнинг ризқини қийиб, улар учун ажратилган маҳсулотларни уйига олиб кетаётган виждонсиз мактабгача таълим муассасалари ходимларига гап таъсир қилишига одамнинг ишонгиси ҳам келмайди.
Инсон боласини боғчага текинга бермайди, ҳар ой белгилаб қўйилган маблағни тўлайди, болам шу ерда бирор нарса ўргансин, дейди. Лекин юқоридаги каби ҳолатлар кўнгилни хира қилиб, олиб борилаётган сиёсатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини пайдо қилади. Чунки, агарки, боғча ходими шунчалик разилликка боряптими, демак тизимдаги катталар ундан ҳам каттароқ “ишлар”ни қилаётган бўлиши мумкин, деган гумон пайдо бўлади.
Мавзуга қайтадиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотлари инсон организмини мўътадил даражада ушлаб турувчи манба ҳисобланиб, ҳар бир инсоннинг ўз вақтида, меъёрида ва ёшига мос равишда овқатланиши муҳим аҳамиятга эга. Шу каби болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан ривожланишида улар танаввул қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ўрни беқиёс. Мутахассислар фикрига кўра, организмда етарли даражада, яъни сарфланадиган ва озиқ-овқатлар билан тушадиган қувват ўртасида мувозанат сақланса, инсон соғлом бўлади.
Тадқиқотларга кўра, мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг организми тез ўсади, тана аъзолари шаклланиши давом этиб, алмашув жараёнлари юқори тезликда кечади. Бу даврда марказий асаб тизими тезкор суръатда ривожланади. Мактабгача даврнинг охирида болада барча асосий ҳаракатларни эгаллаши ва нутқи яхши ривожланиши жараёни кечади. Бу эса уларда юқори ҳаракат фаоллигини ва катта энергия сарфланишини талаб этади. Бола организмининг ривожланиши, ҳужайралар тузилиши учун керак бўлган моддалар, биринчи навбатда оқсиллар, витаминлар ва минералларни кўп талаб этади. Айни ёшда кўп вақти мактабгача таълим муассасасида ўтадиган болаларимизнинг қандай овқатларни еётгани муҳимдир.
Шунингдек, мактаб ёшидаги болаларнинг ҳам рационал овқатланиши уларнинг ҳар томонлама ривожланишининг бирламчи шартларидан ҳисобланади. Мактаб даври ёшидаги болаларда тезкор ўсиш, мушак ва суякларнинг катталашиши, моддалар алмашинувини кучайиши кузатилади. Айнан шу даврда одам организмининг тўлиқ етилиши ва шаклланиши кузатилади. Бу мураккаб жараёнларни таъминлаш учун мактаб ёшидаги бола таркиби етарли даражада моддалар ва витаминларга бой тўлақонли биологик маҳсулотлар қабул қилиши керак. Шу сабабли мактаб ошхоналарида қандай овқатлар қилиниши, ўқувчилар нималарни танаввул қилаётганига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.
Ўсмирлик даврида қатор касалликлар нотўғри овқатланиш сабабли юзага келади. Ушбу ёшларда чизбургер, гамбургер, ход-дог, чипслар билан биргаликда кола, газли ва рангли салқин ичимликларнинг истеъмол қилиниши турли хил касалликларнинг ривожланишга олиб келади. Овқат тайёрлаш жараёнида қўпол хатоликларга йўл қўйиш, маҳсулотларни тайёрлаш технологиясига амал қилмаслик овқат сифатининг пасайишига, организм учун ҳеч қандай қийматсиз таомга айланишига олиб келади.
Юқоридагиларга асосланган ҳолда шуни таъкидлаш мумкинки, мамлакат келажагининг бунёдкори бўлган фарзандларимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш йўлида ҳар биримиз масъул бўлмоғимиз даркор. Қадимги юнон файласуфларининг фикрича, одамнинг еётган овқати бевосита унинг тақдирига ҳам таъсир кўрсатади.
Боймурод ЮСУПОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.
“Ўзбекистон овози”, 15.09.2021, №37