Аҳамияти беқиёс фармон

Президентимизнинг шу йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони миллий тилни юксалтириш йўлидаги муҳим сиёсий ҳужжат сифатида халқимиз томонидан чуқур эътироф этилмоқда.

Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур тарихий фармон билан 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинганлиги эса миллионлаб юртдошларимизнинг қувончига сабаб бўлди.

Ўзбекистон кўп миллатли юрт. Юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келишмоқда. Аммо аҳолининг 80 фоиздан ортиғи ўзбек миллатига мансуб фуқаролар ҳисобланади ва улар ўзбек тилида сўзлашишади.

Ўзбек тили – яъни, туркий тилнинг тарихи жуда қадим даврларга бориб тақалади. Бу тилда мулоқот қилувчи кўчманчи туркий қабилаларнинг майдони тарихда энг катта ҳудудларни қамраб олганлиги билан аҳамиятли. Шу маънода туркий тил дунё тилларига таъсири жиҳатидан илғор тиллардан ҳисобланади. Туркий тилдаги илк ёзма бадиий манбааларни қадимги Ўрхун-Энасой битикларида ёки “Девони луғотит турк”, “Қутадғу билиг” асарлари билан танишиш жараёнида учратамиз. Туркий тилнинг ривожига туркийзабон ижодкорларнинг қўшган ҳиссаси беқиёс. Хусусан, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Саккокий ва Лутфий каби мутафаккирлар бу борада пешқадам саналади.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматли сўзлари бор. Навоийнинг фикрича, она тилини ҳурмат қилмаган киши нафақат ўзини, балки элини ҳурмат қилмаган бўлиб чиқади. Ўз даврида Навоий туркий тил равнақи учун улкан хизматлар қилди. У туркий тилнинг ифода кўлами форсий тилдан бир неча бор устун эканлигини “Муҳокамат ул-луғатайн” асари орқали исботлаб беради. Француз олими М.Беллин Навоийнинг она тилига бу қадар эътибор қаратишини ватанпарварлик, деб атайди.

Тарихдан маълумки, ҳар қандай миллатнинг даҳолари ўз қадриятларини мустаҳкамлаш учун аввало, миллий тилга эътибор қаратиб, уни қаттиқ ҳимоя қилган. Масалан, Ф.Рабле “Гаргантюа ва Пантагрюэл” романи билан француз тилининг тараққиётига ҳисса қўшган бўлса, А.Данте “Илоҳий комедия”, “Халқ тили ҳақида трактат” номли асарлари билан италян тили лотин тилидан афзал эканлигига ишора қилади. У италян адабий тилига асос солиш орқали италян миллатини улуғлайди. Ёки А.Пушкин, Л.Толстой каби даҳолар француз тили таъсиридаги рус миллатини кескин танқид қилади.

Тилга эътибор шу миллатнинг шаъни, қадриятлари, урф-одатларини ҳимоя қилишнинг асосий негизидир. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, Президентимизнинг мазкур фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этиллигини ҳам юқори баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, Фармонда “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, Атамалар комиссиясини ташкил, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳаларини тайёрлаш борасида муҳим топшириқлар берилганлиги ҳам фармоннинг ҳамияти беқиёс эканидан ва она тилимиз нуфузи ошириш борасидаги ишлар изчил давом этишидан далолат беради.

Муҳтасар айтганда, Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони айни кунларда ўзлигини, ўзбек тилини, қадриятларини жондан севувчи, эъзозловчи ватандошларимизнинг ҳақли эътирофга, қувончига сабаб бўлмоқда.

 

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш