Теримчилар учун тадбир ташкил этилди

 

Айни кунларда юртимиз далаларида пахта йиғим-терим мавсуми авж паллага кириб бормоқда. Машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиб олиш мақсадида теримчилар, кўнгилли ҳашарчилар астойдил бел боғлаб меҳнат қилишмоқда. Қалбида ватанпарварлик туйғуси жўш урган юртдошларимиз ўз ўрнини пахтазорда билиб, мамлакатимиз хирмони юксалишига муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бу меҳнатлар эса бесамар кетаётгани йўқ, албатта. Илғор теримчилар ҳамиша эътибор ва рағбатда. Улар учун жойларда маданий ҳордиқ чиқаришлари учун турли тадбирлар, учрашувлар, концерт дастурлари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят ва Уйчи туман партия кенгашлари томонидан партия масъул ходимлари, туман кенгаши депутатлари иштирокида “Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот тажриба институти” Наманган филиали дала шийпонида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчилар ҳузурига ташриф буюриб, илғор теримчилар билан дилдан суҳбат уюштирдилар ва фермер хўжалигида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

“Барчага ғамхўрлик-давлатнинг бурчи” шиори остида ташкил этилган тарғибот тадбирида Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари М.Қозиева, Уйчи туман Кенгаши раиси, туман кенгаши депутати Ғ.Жўраев, туман Кенгаши депутатлари Р.Назарова, А.Бобожанов сўз олиб, жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнлари ва сайлов қонунчилигидаги янгиликлар хусусида маълумот бериб, партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастури хусусида тўхталиб, тадбир иштирокчиларни номзодни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

Уйчи туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага ўзгача завқ бағишлади. Илғор теримчиларга туман партия Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида фермер хўжалиги раҳбари Ҳабибулло Ҳодиев, иш юритувчи Акбарали Жўрабоев, Муҳаммаджон Эргашев ва туман ҳокимлиги мутахассиси Фарруҳбек Темиров Халқ демократик партияси сафига аъзоликка қабул қилиниб, уларга партиянинг аъзолик гувоҳномаси топширилди.

 

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш