Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари партиямизга аъзо бўлишди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мақсад ва вазифаларини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, сайловолди тарғиботини ташкил этиш мақсадида партия сафига ёшларни жалб этиш асосий вазифаларимиздан биридир.

Жойларда олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида партиямизга аъзо бўлиш истаги билан кўплаб юртдошларимиз мурожаат қилишяпти. Улар орасида қизларнинг кўплиги бизни хурсанд қиляпти. Жумладан, яқинда икки нафар Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари партиямизга аъзо бўлишди.

Улардан бири Навоий шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият мактабининг ўқувчиси Нодирабегим Шомуротовадир. У фортепиано чолғу ижрочилиги йўналишида ижод қилиб, миллий ва жаҳон мумтоз мусиқаларини маҳорат билан ижро этади. Республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли кўрик-танловларда салмоқли ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Хусусан, 2020 йилда Навоий шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган «Беш ташаббус – беш имконият» тарғибот лойиҳасининг «Истеъдод» шоусида миллий куйларни маҳорат билан ижро этиб, санъатга қизиқувчи 50 нафардан ортиқ ёшлар учун «Мастер-класс» дарсларини ўтказган. Россиянинг Москва шаҳрида ўтказилган «Осенние таланты» ва «Время знаний» халқаро мусиқа танловларида I ва III даражали дипломлар билан тақдирланган. Польшанинг Варшава шаҳрида ўтказилган халқаро онлайн санъат фестивалида фортепиано йўналиши бўйича Гран-при соҳиби бўлган. Жорий йилда Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб ўтган халқаро ёш пианиночилар танловида 1-ўринга сазовор бўлган.

Партиямизнинг иккинчи янги аъзоси — Ситора Сапарова. У Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олиш билан бирга, спортнинг шахмат тури билан шуғулланиб келмоқда. Ситора 7 карра Ўзбекистон, 5 карра Осиё чемпионидир. Шахмат устаси WFMнинг биринчи балини бажарган, “Аёллар терма жамоаси аъзоси”.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят Кенгаши сектор мудири.

 

 

Теглар

Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш