Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда давлат бошқаруви органлари, қуролли кучлар, иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари ва аҳолига ўз вақтида ҳамда ишончли гидрометеорологик маълумотлар, шунингдек, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар, атроф табиий муҳит ифлосланиши, иқлим ўзгариши, унинг иқтисодиёт ва аҳолига таъсири тўғрисидаги маълумотлар тақдим этишга йўналтирилган гидрометеорология фаолиятининг комплекслилиги уни ташкил этишда асосий вазифаларни аниқ белгиланишини талаб қилиши қайд этилди.

Замонавий ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларда гидрометеорологик кузатувлар ҳамда атроф табиий муҳит ҳолати мониторингини ўтказиш, кузатув натижалари бўйича маълумотларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва тарқатишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик асосининг етарли эмаслиги натижасида ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти пайдо бўлгани таъкидланди.

Депутатларнинг айтишича, лойиҳани ишлаб чиқишда Япония, Корея, Хитой, Россия, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова каби мамлакатларнинг қонунчилиги ўрганилган. Қонун лойиҳаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, муҳокамалар жараёнида 174 та респондентлар иштирок этган ва жамоатчилик, мутахассислар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинган.

Йиғилишда сўз олганлар қонуннинг қабул қилиниши гидрометеорология фаолиятини ҳамда гидрометеорологик кузатувлар ўтказиш ва маълумотларга ишлов беришнинг илмий услубларини янада такомиллаштириш, гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, соҳа бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилишини билдирдилар.

Қизғин муҳокамалар, бахс-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда шунингдек, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш