Ўзбекистон Халқ демократик партияси Гурлан туман Кенгаши томонидан “Ижтимоий тенглик ва адолат тарафдоримиз!” шиори остида Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида тарғибот тадбири ташкил этилди. Шоу-дастур тарзида ўтказилган тадбирда партия туман Кенгаши фаоллари, депутатлик гуруҳи, умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати Д.Ниязметова, тадбирни очиб бераркан, жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловнинг халқимиз ва давлатимиз тақдиридаги аҳамияти тўғрисида гапириб ўтди. Ўзбекистон ХДП Гурлан туман Кенгаши раиси Ш.Худаяров сайлов халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортиб бораётган бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ва илк бор Сайлов кодекси асосида ўтаётганини таъкидлади. Сайловда муваффақиятли иштирок этиш учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳар қачонгидан қизғин тайёргарлик кўраётганига, партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир иштирокчилари бир овоздан 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Мақсуда Ворисованинг номзодини ёқлаб овоз беришларини маълум қилдилар.
Шоу-дастур тарзида уюштирилган мазкур тадбир маданий-дам олиш дастурларига бой бўлди. Ҳаваскор санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва дилрабо рақслар барчага манзу бўлди.
Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши