Коррупционерларга нисбатан жазони кучайтириш шарт

 

Мамлакатнинг ривожланишига энг катта ғовлардан бири бу – коррупция. Ўзбекистонда охирги йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қанча ишлар қилинди, шу соҳага масъул бўлган катта бир агентлик ташкил этилди. Аммо айтиш мумкин амалга оширилаётган ишлар етарли самара бермаяпти. Чунки айрим соҳаларда коррупция томир отиб, бутун мамлакатда коррупция ҳолатлари давом этмоқда.

Масалан, сўнгги маълумотларга кўра, куни кеча Жиззах ва Самарқандда прокурорлар пора билан қўлга олинди. Жиззах вилоятида туман прокурори, Самарқанд вилоятида эса туман прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бу ҳолатда диққатга молик жиҳат шуки, қўлга олинганлар айнан коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган ташкилотлардан бирининг вакиллари эканлигидир. Мана шу каби субутсиз, ўз нафсига қул кимсалар билан коррупцияни енгишга ишонгинг ҳам келмайди.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, турли йўналишлардаги амалдор орасида ҳам коррупцияга алоқадор инсонларнинг борлиги аниқланмоқда. Бу эса ўша “каттакон”ларнинг фаолиятини ҳам қатъий назорат қилиш кераклигига бир ишора ҳисобланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва фракцияси коррупциянинг олдини олиш, уни таг-туби билан йўқотиш учун қуйидагиларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Биринчидан, коррупция қарши олиб борилаётган ишлар ҳамда айни ҳолат билан қўлга олинганлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўпроқ материал, кўрсатувлар бериб бориш. Бунда мансабдорлар миясида “агар коррупцияга қўл урсам, мен ҳам бир кун қўлга тушишим, бутун мамлакатга шундай шарманда бўлишим мумкин” деган фикрл шаклланади.

Иккинчидан, коррупцияга аралашган давлат хизматчилари учун жазони янада кучайтириш зарур. Ривожланган хориж давлатларида коррупция содир этган давлат хизматчиларининг бутун мол-мулки мусодара қилиниши, бир умр давлат ишида ишлашига йўл қўйилмаслиги каби қатъий чоралар мавжуд. Бизда ҳам шу каби жазоларни жорий этиш лозим.

Учинчидан, ҳар бир давлат ташкилоти ва унинг тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича масъуллар белгилаш ҳамда уларнинг фаолиятини доимий мониторинг қилиб бориш лозим. Бунда масъул ходим ўз ташкилоти тизимида учраётган ёки келиб чиқиши мумкин бўлган коррупция ҳолатлари ҳақида тегишли идораларга ахборот бериб туради.

Тўртинчидан, давлат хизматларининг барча соҳаларини рақамлаштириш зарур. Бугунги кунда рақамлаштирилган соҳаларда коррупция ҳолатлари кам учраяпти. Баъзиларида эса умуман мавжуд эмас. Яъни, давлат хизматларида иложи борича инсон омили камайтирилса, коррупцияга ҳам ҳеч қандай йўл қолмайди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш