Сиёсат майдонида тобланган аёл

 

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик қизғин паллага кирди. Ўз навбатида Халқ демократик партияси ҳам сайловга тайёргарлик тадбирларини жадал равишда бошлаб юборди. Қувонарлиси, партиямиздан Президентликка аёл кишининг, яъни Мақсуда Ворисованинг номзоди қўйилганлигидир. Бу эса мамлакатимизда халқ демократияси, гендер тенглик масалаларига катта эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

Юртимиз аёллари жамиятнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, сиёсий жараёнларда эмин-эркин, ҳеч қандай тўсиқларсиз фаолият юритмоқда. Шундай аёллардан бири – ўз касбини пухта эгаллаган, сиёсат майдонида тобланган Мақсуда Ворисова ҳозирда Халқ демократик партиясидан номзод сифатида жойларда сайловчилар билан учрашувларини бошлаб юборди.

Номзоднинг Сайловолди дастури ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу ҳужжат биринчи навбатда, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини таьминлашга, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жумладан, дастурда олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган талабни ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш борасида қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш, тўлақонли ва сифатли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишни, бепул ва сифатли таълимни йўлга қўйиш, ишга жойлаш кафолатини мустаҳкамлаш, пенсия, ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш кўзда тутилган.

Партиямизнинг асосий электоратини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, яъни пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этишини инобатга олсак, номзоднинг дастурида уларга алоҳида эътибор берилганини кўриш мумкин. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжларини, қонуний ҳуқуқ, манфаатларини тўлақонли таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш каби бир қатор масалалар илгари сурилган. Ёшлар, аёллар, айниқса, ёш болали аёлларга имкониятлар яратиш, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳам Мақсуда Ворисованинг Сайловолди аниқ ифодалаб берилган.

Партиямиздан номзод журналистларга берган интервьюсида: "Менинг номзодимни аёл бўлганим учун эмас, оддий халқ орасидан чиққан, оддий инсон бўлганим учун қўйилди", деган эди. У киши оддий инсон, халқ орасидан чиққан, қолаверса аёл, халқнинг дарди билан яшайди. Биз Мақсуда Ворисовага, у киши сайловда юқори натижаларга эришишига ишонамиз ва барчани Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод учун овоз беришга чақирамиз.

 

Сайёра Имамова,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш