Давлат хизматчилари томонидан содир этилган коррупция жиноятларига нисбатан жазо чораларини кескин кучайтириш керак

 

Коррупцияга қарши курашиш мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги кунда ҳар доимгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу иллат таг-томири билан қўпориб ташланмас экан, ислоҳотлардан кутилган натижаларга эришиб бўлмайди, давлат, жамият эса ич-ичидан емирила бошлайди.

Жиноятнинг мазкур турига қарши курашишда, унга қарши муросасиз муҳитни шакллантиришда ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар, жумладан, прокуратура идораларининг алоҳида ўрни бор. Коррупция ва унга доир жиноятларни фош этиш, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини ва қонун устуворлигини таъминлашда прокуратура ходимлари астойдил меҳнат қилмоқдалар. Бунга Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан бериб борилаётган хабарлар мисолида ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз.

Бир қарашда гўёки ўрта ва қуйи бўғиндаги раҳбар ва масъул ходимларнинг коррупция жиноятига қўл уришлари, пора устида қўлга тушишлари одатий ҳолга айлангандек таассурот қолдирмоқда. Чунки, бундай ҳолатлар жамоатчилик учун деярли янгилик бўлмай қолди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг бу турдаги жиноят билан қўлга тушиши эса катта шов-шувга сабаб бўлади. Мисол учун, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги туман прокуратура ходимларининг пора олаётган вақтда ушланганликлари жамоатчилик ўртасида катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ростда, халқ қонун муҳофазасини ишониб топшириб қўйган, тўлаётан солиғи ҳисобидан ойлик олаётган мансабдорлар қонунни бузса, жиноят содир этса, бунга бефарқ қараб туриш мумкин эмас.

Ҳаммамиз халқни ичида юрамиз, ўрни келганда ростини айтиш керак, ҳуқуқ-тартибот ва давлат идоралари ходимлари томонидан содир этилаётган коррупцион ҳолатлар одамларнинг қонун устуворлигига, адолатга бўлган ишончига дарз кетишига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолат билан эса асло муроса қилиб бўлмайди. Бунинг учун эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни нопок ходимлардан буткул тозалаш лозим.

Бизнингча, мамлакатда коррупцияга қарши кураш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлардан жамоатчиликни янада кенгроқ хабардор қилиш, жиноятнинг мазкур турига қарши курашда тарғибот ишларини янада кучайтириш лозим. Энг асосийси, давлат хизматчилари томонидан содир этилган коррупция жиноятларига нисбатан жазо чораларини кескин кучайтириш керак.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш