Ҳудудларда аҳоли билан учрашиш, одамларнинг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш, шунингдек, яқинлашиб келаётган Призидентлик сайлови ҳақида етарлича тушунча ва маълумотлар бериш мақсадида Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказилмоқда.
Шундай учрашувлардан бири “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида Жомбой туманидаги “Ногоҳон” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди. “Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи” шиори билан ўтказилган учрашувда депутат Алижон Сирожов аҳоли билан туманда бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлар, ечимини кутаётган масалалар тўғрисида суҳбатлашди. Фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар ўрганилди.
Тадбир қатнашчиларига жорий йилнинг 24 октабрида бўлиб ўтиши кутилаётган Призидентлик сайлови, унда фуқароларнинг иштироки, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ҳақида тушунтирилди. Ўзбекистон ХДП томонидан кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим ташаббуслар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Жумладан, аёлларга, аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож қисмига бериладиган ёрдам, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар, тиббий хизмат сифатини тубдан ислоҳ қилиш каби долзарб масалалар сайловолди дастуридан ўрин олганлиги халқ ҳаёти, унинг фаровон келажаги учун қанчалар муҳим аҳамият касб этиши ҳақида гапириб берилди.
Учрашув “Темир дафтар”га киритилган кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг аҳволидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш билан давом этди. Уларга Халқ демократик партиясининг эсдалик совғалари топширилди.
ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши