Мен сайловда Мақсуда Ворисова учун овоз бераман!

 

Болалигимдан адабиётга ошно эдим. Бешинчи синфда ўқиб юрган чоғларимдан таҳририятларга қатнаб, ижодкор устозлар даврасида улғайганман. Бир куни келиб сиёсий жараёнларда ўзим ҳам иштирок этишимни сира тасаввур эта олмасдим.

Менда сиёсий тушунчаларнинг пайдо бўлишига Ўзбекистон Халқ демократик партияси сабабчи бўлган. Партиянинг кўнгилли ёшлари сафида кўплаб тадбирларида олган таассуротларим мени сиёсатга қизиқтирган. Инсонда нимагадир кучли хоҳиш бўлса ва унга эришишни астойдил истаса, бутун коинот унга ёрдам беради, дея бир китобда ўқиб қолгандим.

Дарҳақиқат, нақадар пурмаъно ҳақиқат. Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XII Қурултойида Жиззах вилоятидан сайланган делегатлар сафида мен ҳам азим Тошкентга бордим, йирик сиёсий анжуманда иштирок этдим. Қурултойда партиямиздан номзоди кўрсатилган Мақсуда Ворисова Сайловолди дастурини эълон қилди. Йиғилиш иштирокчиларининг барчаси номзод томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастури билан танишиб чиқиб, фаолияти сиёсий жараёнга боғлиқ кишининг халқ билан нақадар муштарак эканлигини англадим. Мен ҳам келгусида сиёсий, ҳуқуқий билим, тажрибаларимни ошириб Президентликка номзоди қўйилаётган партиядошим Мақсуда Ворисованинг даражасига эришишни мақсад қилдим.

Аёл — миллат тарбиячиси. Шунинг учун ҳам у мўтабар. Бугун халқимиз ўз онасини, синглисини, опасини қадрлаяптими, ишонч билдираяптими, демак, жамиятимизда улар ўз обрў, эътиборига эга. Бизнинг партиямиз номзодидан умидимиз ниҳоятда катта! Мен Президентлик сайловида Мақсуда Ворисова номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва барча тенгдошларимни бунга даъват этаман.

 

Сарвиноз МАМАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати вакили,

Жиззах вилояти.

 

 

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш