Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан "Журналистлар уйи"да ОАВ вакиллари иштирокида брифинг ташкил этилди. Тадбирни партия вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Музаффар Туропов очди.
Брифингда Ўзбекистон халқ демократик партиясидан Президентликка номзоди кўрсатилган Мақсуда Ворисованинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили, партия вилоят Кенгаши раиси Олим Равшанов тадбир иштирокчиларини номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.
Таъкидланганидек, Сайлов кодексига кўра сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан (2021 йил 20 сентябрдан) ва овоз беришга бир кун қолганда тўхтатилади. Шу кунлар давомида номзоднинг ишончли вакили вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, ташкилот, муассаса, корхоналарда учрашувлар ўтказиши, жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига интервьюлар бериши ҳамда ўтказилган тадбирлар ҳақида ОАВларда ёритилади.
Хусусан, номзоднинг Сайловолди дастурида белгилаб берилган мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш, аёлларнинг бола парваришидаги даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш, “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати асослаб берилди. Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқат ларнархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъи ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш Сайловолди дастуридаги асосий йўналишлардан эканлиги таъкидланди.
Президентликка номзоднинг ишончли вакили билан учрашувлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этади.
Шавкат СУЛТОНОВ,
ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши фаоли,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.
Суратларни муаллиф олган.