Президентликка номзод сайловолди дастурида тиббиёт соҳасига муҳим эътибор қаратган

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди тарғибот-ташвиқотини олиб бориш мақсадида Фарғона вилояти Данғара тумани маданият марказида сайловчилар билан учрашув ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари Шохруҳ Ўктамов номзоднинг Сайловолди дастуридаги ижтимоий тенглик, халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этишни мақсад қилиб, кўзлаган  ташаббусларини сайловчиларга халқчил ҳамда ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди.

Президентликка номзоднинг сайловолди дастури 9 қисм, 115 банддан иборат бўлиб, ундаги асосий жиҳат, энг аввало, барча иқтисодий ресурслар халқ ва давлат учун хизмат қилиши кераклигига қаратилган. Ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш Халқ демократик партиясининг бош мақсади ҳисобланади. Бу мақсад биринчи навбатда, аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланишини назарда тутади.

Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида ҳам ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлмоғи кераклигига алоҳида эътибор қаратилган.

Дастур ХДПнинг йиллар давомида шаклланган, сайқалланган ғоя ва мақсадларини ўзида тўлиқ мужассам этган. Хусусан, ижтимоий ҳимоя борасида мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш, аёлларнинг бола парваришидаги даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш, “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш ҳамда иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш ҳамда қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

–Мақсуда Ворисованинг асли касби шифокор,– дейди Ш. Ўктамов. – Шунинг учун ҳам у сайловолди дастурида тиббиёт масалаларига алоҳида ва атрофлича тўхталиб ўтган.

Президентликка номзод тиббиёт борасида аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлаш,  дорихоналар ва хусусий тиббий муассасаларга алоҳида ижтимоий ташкилот мақомини бериш ҳамда тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиш шарт деб ҳисоблайди.

 Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб, сайловчиларни сайловда унга овоз беришга чақирди.

 

М. Сулаймонов,

ЎзА

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш