Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят ва Хива шаҳар кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлашга қаратилган сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди. "Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи" шиори остидаги тадбир Хива шаҳридаги Педагогика коллежида ташкил этилди.
Тадбир расмий йиғилиш тарзида эмас, балки бевосита сайловчилар билан жонли мулоқот ва бошқа ноанъанавий усулларда ўтказилди. Унда Ўзбекистон ХДП вилоят ва шаҳар кенгашлари масъуллари, халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, волонтёрлар гуруҳи, партиянинг аёллар ва ёшлар қаноти аъзолари иштирок этди.
Йиғилишни ЎзХДП Хива шаҳар кенгаши раиси Зийнат Искандарова очиб берди. Шундан сўнг халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгаши депутати Эргашбек Салаев йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли, фаолияти ҳамда унинг Сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифалар билан таништирди. Шунингдек, номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Тадбирда сўз олган партия Кенгаши бўлим бошлиғи Мўътабархон Султанова барчани сиёсий жараёнларда фаол бўлишга ҳамда муносиб номзодга овоз беришга чақирди.
Учрашув қизиқарли руҳда давом этди. Иштирокчиларнинг сиёсий билимларини синаш мақсадида викторина ўтказилди. Саволларга тўғри жавоб берганларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Куй ва қўшиқларга уланган байрамона учрашув якунида партиямиз вакиллари тўпланганларни яна бир бор ЎзХДПдан номзод Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлашга чақирдилар.
ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши