Талабалар кутган қарор

 

Талабалар мамлакат аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож энг ёш, келгусида асосий ишчи кучини ташкил қилувчи қатлами ҳисобланади. Уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳар қандай давлат учун ижтимоий муаммоларнинг олдини олиб, иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Куни кеча ҳукумат қарори билан “Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжатга кўра, ижарада турувчи талабларга ижара тўловининг бир қисми (Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм), қолган ҳудудларда – 0,5 баравари (135 минг сўм) Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Низомга кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикадаги 228 та талабалар турар жойларида 58 минг нафар талаба истиқомат қилмоқда. Бундан ташқари,  ётоқхонага қўшимча эҳтиёжи бор талабалар сони 149 минг 400 нафарни ташкил этиб, улар асосан ижарада яшаб келмоқда. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши эса ижарада яшаётган талабалар учун яхши хабар бўлди.

Бугун юртимиздаги муҳим сиёсий жараёнда иштирок этаётган  партиямиз номзодининг Сайловолди дастурида ҳам ёшларни сифатли таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш мақсадида, турар жойга муҳтож талабаларга қулай яшаш шароитларини яратиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган. Электоратимиз вакиллари бўлган талабалар яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда, танлаган соҳаларининг етук матахассислари бўлиб, халқимиз, давлатимиз равнақига хизмат қилишлари ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши лозим.

 

Фахриддин Элмуродов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш