Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги депутатимиз саволларига жавоб берди

“Вазирга 8 савол ёхуд Осиё тараққиёт банки ажратган кредит маблағлари қаерга кетмоқда?” номли мақолага Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг муносабати

 

Жорий йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоевнинг “Вазирга 8 савол ёхуд Осиё тараққиёт банки ажратган кредит маблағлари қаерга кетмоқда?” номли мақоласи эълон қилинган эди.

Ушбу мақолага Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги муносабат билдирди:

Осиё тараққиёти банки (ОТБ) иштирокида “Сурхондарё вилояти ичимлик суви таъминоти ва санитарияси” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 мартдаги 79-сонли қарорига асосан 2009-2014 йилларда амалга оширилган. Вилоят хокимининг 2015 йил 25 июлдаги 117-сонли фармойишига асосан Давлат қабул комиссияси тузилиб, 2015 йил 15 декабрда Давлат қабул комиссиясининг далолатномасига асосан фойдаланишга қабул қилинган.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион доллар бўлиб, шундан Осиё тараққиёт банки томонидан 30 миллион доллар миқдорида заём, ушбу банкнинг грант маблағи 1,5 миллион доллар ва Ўзбекистон Республикасининг улуши 8,5 миллион долларни ташкил этган. Лойиҳа доирасида Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Музработ, Қизириқ, Сариосиё ва Шўрчи туманлари ҳамда Термиз шаҳрида жами 391,3 километр магистрал ва 272,5 километр ички ичимлик сув қувурлари, 11 та хлорлаш иншооти 1 дона сув тақсимлаш, 4 дона сув тўплаш ва узатиш иншооти ва насос станцияси қурилган. Шунингдек, 2 та хлорлаш, 2 та сув тўплаш ва узатиш иншооти таъмирланиб, фойдаланишга топширилган.

Бунинг натижасида Термиз шаҳар, 7 та туман маркази ҳамда 48 та аҳоли пунктида яшовчи 340 мингдан зиёд аҳоли 2015 йилдан бошлаб ичимлик суви билан таъминланмоқда. Жумладан, Жарқўрғон туманида “Сурхон” сув ҳавзаси орқали қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш ва санитариясини яхшилаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари натижасида 17 та маҳаллага, хусусан, “Марказий Сурхон”, “Хўжақишлоқ”, “Мингчинор” “Жинжактепа”, “Меҳнатобод”, “Боймоқли”, “Янгиариқ”, “Эскиқишлоқ” ва “Кунчиқиш” маҳалла фуқаролар йиғинларига ичимлик суви етказиб берилмоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида 17 та қишлоқ аҳоли пунктини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида жами 61,7 километрм асосий ичимлик сув қувурлари, 16,7 километр узунликдаги ички тармоқлар ва 4 дона ичимлик сув қудуғи, хлоратор биноси қурилиб, 1 минг 100 дона ичимлик сув сарфини ўлчаш асбоблари ўрнатилган. Ушбу мақсадларда 6515,9 миллион сўм ўзлаштирилган.

Лойиҳа доирасида жалб этилган кредит маблағлари ўзлаштирилиши ва қурилиш-монтаж ишлари олиб борилиши “ОТБ”нинг ички тартиб қоидаларига кўра банкнинг кузатув Кенгаши орқали амалга оширилган. 2014 йил 10 июлда “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Термиз шаҳрида лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ва Инжинер консултантлар гуруҳи рахбарларининг қурилиш-монтаж ишларини якунлангани тўғрисидаги гувоҳнома имзоланиб, “ОТБ”га тақдим этилган.

Бундан ташқари, 2018 йил июль ойида вилоят молия бошқармаси томонидан Жарқўрғон туманида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар қайта назорат ҳисобидан ўтказилган. Юқорида баён этилган маълумотлардан кўриниб турибдики, мазкур лойиҳани амалга оширишга ажратилган “ОТБ”нинг кредит маблағлари тўлиқ ўзлаштирилган ва лойиҳада кўзда тутилган объектлар қурилиб фойдаланишга топширилган.

 

Мақолада кўтарилган бошқа масалалар бўйича

2019 йил 11 мартдаги вазирликка юборилган депутат сўрови бўйича тегишли ўрганишлар ўтказилиб, қисқа муддатда вилоят “Сувоқова” корхонаси имкониятларидан келиб чиқиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрилган. Буни ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли эътироф этмоқда ва ўз минатдорчилигини билдирмоқда. Лекин, номаълум сабабларга кўра муаммони бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳурматли депутатимиз назаридан четда қолиб кетган.

Шунингдек, депутат сўровида кўтарилган бошқа муаммоли масалаларни бартараф этиш вақт ва муайян маблағ талаб этиши, ОТБ иштирокида амалга оширилган лойиҳа доирасида қурилган ичимлик сув қувурларига қўшимча хонадонлар уланиши техник жиҳатдан мумкин эмаслиги қайд этилган. Нафақат Мингчинор маҳалласи балки бутун Жарқўрғон туманида ичимлик суви таъминотидаги мавжуд муаммолар 2020 йил ва келгуси йиллар давомида давлат дастурлари доирасида ҳал қилиниши расмий хат ҳамда телефон орқали бўлган. Шахсий мулоқатда ҳурматли Турсунпўлат Юсуповичга вазир ўринбосари ва тегишли мутаҳассислар томонидан маълумотлар берилган.

Мақолада мазкур лойиҳа худудида жойлашган Жарқўрғон туманининг “Марказий Сурхон”, “Хўжақишлоқ”, “Мингчинор”, “Жинжактепа”, “Меҳнатобод”, “Боймоқли”, “Янгиариқ”, “Эскиқишлоқ” ва “Кунчиқиш” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 790 та хонадонга ичимлик суви ноаниқ сабабларга кўра етиб келмаётгани баён этилган. Бу ҳолатни ўрганиб чиқиш натижасида аниқланишича, Жарқўрғон туманида ОТБ иштирокида амалга оширилган лойиҳага киритилган барча 17 та аҳоли пунктида тармоқлар мавжуд бўлиб, аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда.

Муаммо фақат Меҳнатобод ва Мингчинор маҳаллаларининг бир қисмида, асосан ичимлик сув истеъмоли юқори бўлган ёз мавсумида сув қувурларида босим пасайиши натижасида юзага келаётгани аниқланган. Ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмасдан Меҳнатобод маҳалласининг 1, 2, 3-кўчаларини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар Сурхондарё вилояти “Сувоқова” ДУК томонидан бартараф этилган ва бугунги кунда аҳоли сув билан тўлиқ таъминланмоқда. Ичимлик сув манбаларидан 5 километр масофада бўлган Мингчинор маҳалласининг юқори қисмида жойлашган хонадонларга, бугунги кунда аҳоли билан келишилган ҳолда, жадвал асосида ичимлик суви етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари, депутат сўровида “қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани, сув қувурлари ишчи босимга бардош беролмаётгани” ҳам кўтарилган. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида маълум қиламизки, халқаро молия институтлари иштирокидаги барча лойиҳалар, жумладан, ОТБ иштирокидаги Жарқўрғон туманидаги лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишлари чет эл консультанти назоратида амалга оширилган бўлиб лойиҳа-смета хужжатларида кўзда тутилган барча ишлар тўлиқ ва сифатли бажарилган. Лойиҳа доирасида қурилган объектлар 2015 йил 15 декабрда Давлат қабул комиссиясининг далолатномасига асосан фойдаланишга қабул қилинган. Айрим техник сабабларга кўра қувурларда юзага келаётган авария ҳолатлари эса “Сувоқова” корхонаси томонидан бартараф этилмоқда.

Шу билан бирга, муаллиф мақоласида 2 минг 287 хонадондаги 13740 нафар аҳоли ичимлик суви лойиҳасидан қолиб кетгани баён этилган. Маълумки, ҳар бир лойиҳани амалга оширишдан олдин бир қатор хужжатлар ишлаб чиқилади ва ўрнатилган тартибда ваколатли органлар томонидан экспертизадан ўтказилади. Жарқўрғон тумани аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳа олди ва лойиҳа-смета хужжатлари 2009 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, ажратилган маблағлар доирасида иқтисодий ва техник жихатдан энг мақбул лойиҳа қабул қилиниб, ҳудуди белгиланган. Шунингдек, лойиҳага кирмаган хонадонларнинг аксарияти, аҳоли пунктларнинг рельефи мураккаб бўлган, баланд ҳудудларда жойлашган ва уларга ичимлик сувини мазкур лойиҳа доирасида етказиб беришнинг техник жиҳатдан имкони бўлмаган. Ичимлик суви қувурларига уланмаган хонадонларнинг бир қисми эса 2009 йилдан кейин, яъни лойиҳа-смета хужжатлари тасдиқлангандан сўнг қурилган бўлиб, уларни сув билан таъминланиши ушбу лойиҳа доирасида қўзда тутилмаган. Шу сабабдан, лойиҳада кўзда тутилмаган хонадонларни тармоқларга улаш давом эттирилса қурилган сув таъминоти тизими бутунлай ишдан чиқади ва 17 маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолига ичимлик сувини етказиб бериш имкони бўлмайди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Жарқўрғон тумани аҳолисини, хусусан, ОТБ иштирокидаги лойиҳа билан қамраб олинмаган хонадонларни марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш борасида вазирлик томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бу ишлар 2020 йилдан бошлаб Давлат дастурлари доирасида амалга оширилади.

Шу билан бирга, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Турсунпўлат Юсупович Норбоевнинг аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини эътироф этади ва қадрлайди. Вазирлигимиз ушбу йўналишда ҳамкорлик қилишга доимо тайёр эканини билдиради.

 

Ўзбекистон Республикаси

Уй-жой коммунал хизмат

кўрсатиш вазирлиги

 

ЎзА

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш