Мақсуда Ворисова Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастурдан асосий мақсад сифатида мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт, маданият, қонун устуворлигини таъминлаш, ташқи сиёсат масалаларига доир устувор йўналишлар ўрин олган.

Маърузда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёжи билан боғлиқ ҳамёнбоп товар ва хизматлар, арзон уй-жой ва коммунал хизматлар билан таъминлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, улар учун имкониятлар кўламини кенгайтириш механизмларини такомиллаштириш, Мурувват ва Меҳрибонлик уйлари фаолиятини янада яхшилаш борасида таклифлар билдирилди.

Дастурда Сурхондарё вилоятини жадал ривожлантириш, халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича ҳам чора-тадбирлар бегиланган. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурлар шакллантирилиши, маҳсулотларни тўлиқ қайта ишловчи корхоналар тизими яратилиб, пахта, ипак, жун, чарм ва зиғирдан харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали қишлоқ туманларига саноат олиб кирилиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар номзоднинг дастурида мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинганини таъкидлаб, Ўзбекистон Презедиенти сайловида Мақсуда Ворисова номзодини қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш