Фоторадарлар ва камералар жойлашган манзил очиқланди

 

Республика бўйлаб қўшимча 355 дона 5.43 “Радар”ахборот ишора белгиси ўрнатилди.

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат Ишчи гуруҳи автотранспорт воситаларини бошқаришда йўлларда белгиланган тезликка риоя этилишини радарлар, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорат қилиниши бўйича ўрганиш олиб борган эди.

Ушбу ўрганиш якунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилиниб, радарлар ва бошқа махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назоратни қонуний амалга ошириш, ҳайдовчиларга жарима қўллашда меъёрий ҳужжат талабларига, очиқлик-ошкоралик тамойилларига қатъий риоя этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, кун тартибидаги масала юзасидан қарор қабул қилинган эди.

Хўш, қарор қабул қилинди. Унинг ижроси нима бўлди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Раҳмоновнинг маълум қилишича, мазкур қарор Ички ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилиб, қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, йўл ҳаракати иштирокчиларига йўлларда белгиланган тезликда ҳаракат қилишини таъминлаш мақсадида Республика бўйлаб қўшимча 355 дона 5.43 “Радар”ахборот ишора белгиси ўрнатилди.

Ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида йўл ҳаракати қоида бузарликлари ва транспорт воситаларининг тезлигини назорат қилувчи махсус воситаларни реал вақт режимида кузатиш имконини бериш учун онлайин режимда ишловчи 126 та стационар фоторадар ва 349 та интеллектуал режимда ишловчи камераларнинг аниқ жойлашган манзили yhxbb.uz расмий веб-сайтида очиқланди.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

 

"Янги Ўзбекистон" газетаси

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш