Мамлакатимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Бизга сабоқ берган, ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган ва бу вазифани шараф билан бажариб келаётган инсонларни бу кун касб байрамлари билан табриклашга ошиқамиз.
Албатта, ҳар биримиз қайси соҳада меҳнат қилмайлик, устоз ва мураббийларга эҳтиёж сезамиз. Аввалига мактабгача таълим муассасаси, кейин мактаб, навбати билан олий ўқув юртида устозлардан сабоқ олганмиз. Ота-оналаримиз эса бу борада бизнинг бир умрлик йўлдошимиздир. Уларнинг ўгитлари эса алоҳида мавзу. Фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади.
Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.
Минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!
Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Устоз деганда, ҳар бир инсон кўнглида чуқур ҳурмат, эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.
Фурсатдан фойдаланиб дунёдаги энг шарафли касб эгалари, ўз навбатида камтарин ва ҳокисор муалимлар, устозларимизни байрам билан муборакбод этиб, энг самимий тилакларимизни изҳор этамиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, ҳурматли муаллимлар, қадрли устозлар!
Шерзод Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.