Фарғонада халқаро кузатувчилар иштирокида учрашув ўтказилди

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Зокиржон Зоҳидовнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Қувасой шаҳрида бўлиб ўтди.

Учрашувда ишончли вакил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли ва сиёсий фаолияти ҳақида тўхталар экан, у кўп йиллик депутатлик, сенаторлик фаолияти давомида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, ҳуқуқ ва ижтимоий ҳимоя масалаларида улкан тажриба тўплаган, халқ ҳақида ғамхўрлик қилувчи, тажрибали сиёсатчи аёл эканини таъкидлади.

Номзоднинг сайловолди дастурида бюджет харажатларини оптималлаштириш, самарасиз имтиёзлар ва субсидияларни бекор қилиш, паст инфляция ва сўмнинг эркин курсини сақлаб қолиш белгиланган. Умуман, келгуси 5 йилликда камбағал аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш, 2030 йилга қадар фуқароларнинг ўта камбағал ҳолатда кун кечиришига барҳам бериш бўйича чораларни кўриш зарур. Стратегик аҳамиятга эга корхоналарда давлат улушини 50 фоиздан кам бўлмаган ҳолда сақлаш аҳоли иш ўринлари ва даромадларини кафолатлаш, иқтисодиётда мувозанатни таъминлашга асос бўлади.

Бундан ташқари, Мақсуда Ворисова хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида, шунингдек, ҳақ-ҳуқуқлари тартибга солинмаган, ўз-ўзича ишлаб келаётган фуқаролар манфаатларини кўзлаб ёлланма ишчилар ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонунларини қабул қилиш борасида ташаббус билан чиқмоқда.

Учрашувда ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси узоқ муддатли кузатувчилари Мартин Майндер ҳамда Даниэлла Ботижелли ҳам иштирок этди.

Кузатувчилар Мақсуда Ворисованинг ишончли вакили Зокиржон Зоҳидов ҳамда ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Шохрух Ўктамов билан мулоқот ўтказди.

Мулоқотда мамлакатимизда сайлов жараёнларининг ташкилий-ҳуқуқий муносабатлари, сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг молиявий ҳолати, жойларда олиб борилаётган сайловолди тарғибот-ташвиқотлари ҳамда бу йилги сайловларнинг ўтган сайловлардан фарқли жиҳатлари бўйича фирк алмашилди.

 

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши

 

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш