Гурлан туманидаги тарғибот тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди

Гурлан дилбанди, ўнлаб тарихий китоблар муаллифи Умар Боймат туман марказининг шоҳкўчаси бўйлаб оҳиста одимларкан, кутилмаганда атрофга кўрк бағишлаб турган шиорларга нигоҳи тушди. “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!”, “Бош мақсадимиз: халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш!”, “Ишончли ижтимоий ҳимоя – барқарорлик таянчи” деган шиорлар серҳашам бинолар пештоқига осиб қўйилганини кўрган тарихчи эътиборини кутилмаганда Алишер Навоий номидаги Маданият ва истироҳат боғида янграётган куй-қўшиқлар садоси ўзига жалб этди.

Ҳар бир воқеаликни тарихга муҳрлашга одатланган эмасми, Умар Боймат қизиқсиниб боғ томон юрди.

– Бу ерда Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Гурлан туман Кенгаши томонидан “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!” шиори остидаги тарғибот тадбири бўлиб ўтяпти, – деди унга партия фаолларидан бири Шавкатжон Йўлдошев. – Марҳамат, келинг, иштирок қилинг!

Тарихчи бир чеккада тадбирни кузатиб турди. Унда ЎзХДП Гурлан туман Кенгаши фаоллари, депутатлик гуруҳи билан бирга касб-ҳунар коллежлари талабалари, умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ҳамда кенг халқ оммаси иштирок қилаётган эди.

– Тараққиётнинг янги, демократик босқичига қадам қўйган юртимизда янги парламент ва янги маҳаллий Кенгашларни сайлаш учун тамомила янгича руҳ ва ўзгача ёндошувдаги сайлов кампанияси давом этмоқда, – дейди ЎзХДП Гурлан туман кенгаши раиси Шокир Худаяров. – Бугун Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Гурлан туман Кенгаши томонидан “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!” шиори остидаги ўтказилаётган тарғибот тадбири партиямизнинг халқ фаровонлиги ва барқарор, юксак турмуш тарзини таъминлашда қандай вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб белгилаганлигини англаб етасиз, деган умиддаман.

Тадбирда иштирок қилаётган ЎзХДП туман кенгаши фаоллари, депутатлик гуруҳи билан бирга касб-ҳунар коллежлари талабалари, умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ҳамда кенг халқ оммаси партия фаолларининг чиқишларини қўллаб-қувватлаб, эшитиб туришарди.

Уларни теран нигоҳ ила кузатаётган Умар ака иштирокчилардан бирини ёнига чорлади.

– Ўғлим бу тадбир сизда қандай таассурот уйғотди? – дея савол қотди унга.

– Мазкур тадбирда сайлов моҳияти ва унга оид қонунчилик билан танишиб олдим. Насиб қилса, ҳаётимда илк бор сайловда қатнашаман ва ўзим танлаган номзодларга овоз бераман, – деди Собирёз Эшимов.

– Қандай номзодларга овоз бериш зарур деб ўйлайсиз? – қизиқсиниб сўради Умар Боймат.

- Ҳали номзодларнинг сайловолди дастурлари эълон қилинса, танишиб чиқаман. Кимнинг дастурида кўпроқ халқ манфаати акс этган бўлса, ўшанга овоз бераман...

– Баракалла, яшанг! Аввалгилардек аравани қуруқ опқочадиган депутатлар сайловда ютиб чиқишдан умид қилмаса ҳам бўлади. Чунки бу йилги савйловлар тамомила бошқача бўлади, – деди Умар ака.

Тадбир куй-қўшиқларга уланиб кетди. Қизиқарли шоу тарзида уюштирилган мазкур тадбир маданий дам олиш дастурларига бой бўлди. Унда туманнинг кўзга кўринган хонанда, раққос ва раққосалари дилрабо куй-қўшиқ, рақслар ижро қилишди. Дастурнинг савол-жавоб қисмида йигит-қизлар фаол иштирок этиб, партиянинг туман Кенгаши томонидан совғалар билан тақдирланишди.

Тарихчи ён дафтарини чўнтагидан олди. Айни дамда кўрган, шоҳиди бўлган воқеалар жўн нарса эмаслигини ич-ичидан ҳис қилди: “Ушбу тадбирда 300 нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда...”

Овоз кучайтигичда янграган бу сўзлар Умар аканинг диққатини янада ўзига қаратди.

- “Гурлан тарихи” китобимга қайд этиб қўйишга арзигудек тадбир бу, - деди у ва ён дафтарига кўрганларини ёза бошлади.

 

Эрпўлат БАХТ

← Рўйхатга қайтиш