Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида МДҲ Ижроия қўмитаси котиби – ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Леонид Анфимов бошчилигидаги кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Партия Марказий Кенгаши раиси У. Иноятов меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ХДП иштироки билан таништирди. Учрашувда алоҳида таъкидланганидек, сайлов кампанияси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунларга тўла мувофиқ ҳолда, очиқлик ва ошкоралик шароитида ўтмоқда.
МДҲ миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди ташвиқоти жараёни билан ҳам таништирилди. Номзодга сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда бошқа номзодлар каби кенг ва тенг имкониятлар яратилгани қайд этилди. Учрашувда жорий йилнинг 29-сентябрь кунидан МДҲ кузатувчилари миссияси штаби ўз ишини бошлагани маълум қилинди. Миссия ўзига юкланган барча вазифаларни тўлиқ бажаришига ишонч билдирди. МДҲ делегациясига партия номзодининг сайловолди дастури, ғоя ва мақсадлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Сайлов жараёни қандай бораётгани тўғрисида материаллар тўплаш ва уларни таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, теле ва радиоканаллардаги ахборот дастурлари ва кўрсатувларни, шунингдек, босма оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш, номзодларнинг сайловолди штабларида учрашувлар ўтказиш Миссия штабининг асосий вазифалари ҳисобланади.
ЎзХДП Ахборот хизмати