Мақсуда Ворисова Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Бухоро вилоятида бўлиб ўтди.

Сайловолди учрашувида вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Ильясович Иноятов олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова учрашувда сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар хусусида маъруза қилди. Маърузада мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш мақсадида, аҳолининг барча қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш масалалари устувор мақсадлар сифатида белгилаб олингани таъкидланди.

Шунингдек, Президентликка номзод оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан экани хусусида тўхталиб ўтди.

Мақсуда Ворисова Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари борасида бир қатор йўналишлар кўзда тутилаётганини маълум қилди. Жумладан, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун барқарор иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви, электр, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш зарурлигига эътибор қаратди.

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар, вилоятни янада ривожлантириш борасида таклифларини билдирдилар.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини, сайловда ушбу номзодга овоз беришларини маълум қилдилар.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш