Йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдори камайтирилмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддалари санкцияларида кодекснинг принципларига номувофиқ бўлган камчиликлар мавжуд. Хусусан, баъзи ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган жазо чораларининг миқдори кодекснинг инсонпарварлик ва одиллик принципларига мос келмайди. Мазкур омилларга кўра, қонун лойиҳаси билан кодексдаги 5 та модданинг санкцияси миқдори камайтирилмоқда.

Жумладан, йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган маъмурий жавобгарликлар миқдори замон талаблари ва хавфлилик даражасига мос эмас. Бунга транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларга bluetooth, қулоқчин ва қўлни банд қилмайдиган бошқа гарнитуралардан фойдаланиш, транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш учун жавобгарлик белгиланганлиги ҳамда ҳайдовчиларнинг белгиланган тезлик ҳаракатини ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айриб ташламаган ҳолда жавобгарликка тортиш ҳолатларини мисол сифатида келтириш мумкин.

Бу борада фуқароларнинг таклифлари инобатга олинган ва хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқаргани учун (1351-модданинг биринчи қисми), транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун (1351-модданинг иккинчи қисми) жарима миқдори фуқаролар учун икки бараварга, мансабдор шахслар учун учдан бир қисмга камайтирилмоқда.

Бундан ташқари, ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш пайтида bluetooth, қулоқчин ва қўлни банд қилмайдиган бошқа гарнитуралардан фойдаланишга рухсат бериляпти. Транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш учун жавобгарлик бекор қилиниши, белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташлаган ҳолда ҳисоблаш белгиланмоқда.

Қонун билан йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга киритилаётган муҳим ўзгаришлардан бири транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, суғурта полиси, техника паспорти бўлмаган ҳайдовчиларга Ўзбекистон Республикасида берилган шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда ушбу ҳужжатлар мавжудлигини ДҲЙХХ ходими транспортни тўхтатган жойида электрон тизим орқали текширади.

Юқоридагилар билан бирга, фуқаролар томонидан валюта қимматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тартибини бузганлик мансабдор шахсларга икки бараварга камайтирилмоқда, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори икки баравардан кўпроққа камайтирилмоқда.

Қонун лойиҳаси юзасидан фракция аъзолари Фирдавс Шарипов, Зуҳра Шадиева ва бошқлар фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий жазолар миқдорининг инсонпарварлик, одиллик тамойилларига мувофиқ равишда камайтирилишига олиб келишини таъкидладилар.

Муҳокамалардан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Йиғилишда фракция фаолиятига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш