Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни яқинлашгани сайин сайлов кампанияси тобора авж олмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари, жумладан, номзоднинг ишончли вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Бухоро шаҳридаги Автомобил йуллари техникумида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Бухоро вилоятидаги ишончли вакили Зулфия Туйева сайловчилар билан учрашди.
Сайловчилар олдида чиқиш қилган ишончли вакил Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастуридан жой олган устувор йўналишлар ҳақида гапириб, бу орқали ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш каби қатор ташаббуслар илгари сурилганини қайд этди.
Ишончли вакил, шунингдек, номзоднинг дастурида таълим соҳасида барчага тенг имкониятлар яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш каби масалаларни амалга ошириш режалаштирилганини баён этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши