Тупроққалъалик сайловчилар билан учрашув

 

Тупроққалъа туманида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Хоразм вилояти бўйича ишончли вакили Раҳимберган Юсупов сайловчилар билан учрашди.

Ишончли вакил учрашув иштирокчиларини номзоднинг таржима ҳоли, сиёсий фаолияти ва сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан таништирди.

Таъкидланганидек дастурда аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш, олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш таклиф этилган.

Бундан ташқари, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш вазифалари илгари сурилгани учрашув иштирокчиларининг эътборини тортди. Негаки, бугунги кунда чекка ва олис ҳудудларда ёшларни иш билан таъминлаш муҳим масала бўлиб қолмоқда. Бу борада ҳукумат томонидан тегишли чора-тадбирлар кўриляпти, бандлик бўйича дастурлар қабул қилинган. Бироқ, мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар бандликка бўлган эҳтиёжни бугунги кунда тўлиқ қоплай олгани йўқ. Дастурда илгари сурилган ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Номзоднинг сайловолди дастури юзасидан сўзга чиққанлар дастурда таълим, тиббиёт соҳасига, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш кафолатлари, даромадларига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш тўғрисидаги бандлари сайловчиларда катта қизиқиш уйғотаётганини билдириб ўтдилар.

 

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш