Меҳнат кодекси лойиҳасида қандай янги нормалар акс этмоқда?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар ижтимоий-иқтисодий соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таклиф этилаётган лойиҳа билан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини, улар билан бевосита боғлиқ бўлган якка меҳнат ва ижтимоий муносабатларда мувозанат ва мувофиқликни таъминлаш асосида тартибга солиш, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларининг, шу жумладан меҳнат қилишга, эркин касб танлашга, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқининг давлат кафолатларини белгилаш каби бир қатор нормалар тартибга солинмоқда.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган таклиф, фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, улар асосида лойиҳа маромига етказилди. Ундаги ҳар бир модда ишчи гуруҳи аъзолари, экспертлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, пишиқ-пухта ҳолатга келтирилди.

Жумладан, кодекснинг меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик принципи, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги принципи, меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати, ходимнинг ҳуқуқлари, ходимнинг мажбуриятлари, иш берувчининг ҳуқуқлари ҳамда иш берувчининг мажбуриятлари каби бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Депутатларнинг фикрича, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибда солишни янада мустаҳкамлашга, бу борада қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.

Йиғилишда фракция фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш