Жорий йилнинг 24 октябрида мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Барча партиялар қатори Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам номзоднинг сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Оҳангарон туманида бўлиб ўтди. Унда Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Тошкент вилояти бўйича ишончли вакили Акмал Умаралиев сайловчилар билан учрашди.
Ишончли вакил учрашув иштирокчиларига илк марта Сайлов кодекси асосида ўтказилаётган Ўзбекистон Президенти сайловининг мамлакат ва халқ тақдиридаги аҳамияти, партиянинг сайловга тайёргарлик жараёни хусусида маълумот берди. Маърузада асосий эътибор, номзоднинг сайловолди дастурига қаратилиб, ундаги устувор йўналишлар бўйича сайловчиларга батафсил тушунтириш берилди.
Жумладан, дастурда кам таъминланган, лекин, боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш таклиф этилаётгани таъкидланди. Шунингдек, “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини янада яхшилаш, “Меҳрибонлик” уйларини битириб чиққан ёшларни уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича аниқ вазифалари илгари сурилгани қайд этилди.
Ишончли вакилга кўра, мазкур масалаларга янгича ёндошув ва алоҳида эътибор, мамлакатда камбағалликни қисқартиришга, ишсизлар сонининг камайишига, жамият аъзоларининг барчаси учун муноси шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.
Учрашувда номзоднинг сайловолди дастур юзасидан сўзга чиққан фаоллар сайловда Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлаб, барчани овоз беришга чақирди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати