Партия масъуллари теримчилар ҳузурида бўлди

 

Айни кунларда юртимизда пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Қимматбаҳо саноат хомашёсини нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишда иштирок этаётган ҳашарчиларни рағбатлантириш, улар учун маданий учрашувлар ташкил этишга жойларда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилди.

Шароф Рашидов туманидаги “Уч тепа” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасига қарашли "Норқозоқ ота" фермер хўжалигида дала шийпонидаги учрашув “Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи” шиори остида ўтказилди.

Пахта – миллий бойлигимиз. Унинг юртимиз иқтисодиёти, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалиши, қишлоқ ва шаҳарларимиз обод бўлиши, саноатимиз ривожланиши учун аҳамияти беқиёс.

Ота-боболаримиз пахтанинг бир мисқолини нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш савобли ва хайрли амал эканини уқтириб келишади. Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Жиззах вилоятидаги ишончли вакили Нуриддин Холматов теримчиларга номзоднинг сайловолди дастуридан жой олган мақсад ва вазифалар ҳақида тушунча берди. Жумладан, номзоднинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб иш ўринлари яратиш борасидаги таклифлари мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, бу мақсад ва вазифалар аҳолининг турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирда пахта теримида фаол қатнашаётган ҳашарчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди. Учрашувда эл-юрт тинчлиги ва мамлакатимиз ободлиги, деҳқончиликка барака ҳамда ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб, дуойи хайрлар қилинди.

 

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш