Жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тобора яқинлашиб келмоқда. Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова, унинг ишончли вакиллари жойларда учрашувлар ўтказиб, сайловолди дастури билан сайловчиларни таништирмоқда.
Учрашувларда, тарғибот воситаларида дастурнинг мазмун-моҳияти, унинг мамлакат тараққиёти ва фуқаролар ҳаётидаги аҳамиятини аниқ мисоллар билан тушунтириб бериш сайловчилар ишончини қозонишда муҳим ўрин тутади. Мисол учун, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини олайлик. Ўтган даврда фуқароларнинг уй-жойга бўлган талабидан келиб чиққан ҳолда мамлакат миқёсида уй-жой дастури қабул қилинмади, турар-жойлар қурилиши кўлами ошмади. Натижада, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи бир неча бараварга ошиб кетди. Шу боисдан, ҳукуматимиз томонидан бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, арзон уй-жой қурилишига, имтиёзли ипотека кредитлари ажратилишига алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг ортидан минглаб юртдошларимиз ўз уйларига эга бўлмоқда.
Лекин аҳолининг шундай қатлами ҳам борки, уларга уй олишлари учун бошланғич тўловни тўлаб бериш тизими жоий этилган бўлсада, ойма-ой амалга ошириладиган кредитни тўлашга қурби етмайди. Бундай фуқароларни уй-жой билан таъминлашда муниципиал уйлар қурилиши самарали ечим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида аҳолини уй-жойга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат томонидан муниципиал уйлар қуриш масаласи ўрин олгани сайловчилар эътиборини тортганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу вазифа жойларда ўтказилаётган учрашувларда ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
Дарҳақиқат, муниципиал уйлар қурилиши йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар учун катта имконият яратилади. Бу борада номзод томонидан илгари сурилган ташаббус аҳолининг ушбу тоифага мансуб қатламининг манфаатларига мос келиши билан аҳамиятлидир.
Раҳимахон Сулаймонова,
халқ депутатлари Бўстон туман Кенгаши депутати.