Ишончли вакил аҳоли билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили, партия вилоят кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаев Конимех туманидаги «Бирлик» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Тадбирда партиянинг вилоят ва туман кенгаши ходимлари, нуроний отахону онахонлар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар иштирок этди. Дастлаб йиғилганларга номзод ҳаёти ҳақида тайёрланган видео лавҳа қўйиб берилди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳар бир Ўзбекистонлик салоҳиятини рўёбга чиқариши учун тенг имкониятлар яратиш асосий вазифалардан биридир. Сайловолди дастурда оилалар фаровонлиги, болалар учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларнинг таҳсил олиши, кексаларга ғамхўрлик қилишни таъминлаш каби муҳим масалалар илгари сурилмоқда.

Ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш Халқ демократик партиясининг бош мақсади ҳисобланади.

Мақсуд Нуруллаев тадбир иштирокчиларини Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар билан батафсил таништириб ўтди.

– Президентликка номзод Мақсуда Ворисова ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш тарафдори. Номзодимиз ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш керак, деган таклифни илгари сурмоқда. Бунинг учун биринчи навбатда миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш зарур, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, дастурда ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш бўйича таклифлар олға сурилган. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, уларга маънавий-маърифий соҳада тенг имкониятларни таъминлаш лозимлигини билдирмоқда, – деди Мақсуд Нуруллаев.

Учрашув иштирокчилари номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ўзбекистон Президенти сайловида Мақсуда Ворисованинг номзодини қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.

 

Ўзбекистон ХДП Навоий вилояти кенгаши

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш