11 октябрь - Халқаро қизлар куни
2012 йилдан бошлаб ҳар йили 11 октябрь Халқаро қизлар куни сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили ушбу сана муносабати билан бутун дунёда гендер тенглиги, эрта никоҳ, таълим олишдаги тенгсизлик, меҳнат муносабатлари ҳамда замонавий касб-ҳунарларни эгаллашдаги нотенглик каби қизлар учрайдиган глобал муаммоларга жамоатчилик нигоҳи қаратилади.
БМТ томонидан халқаро ташкилотлар, аъзо давлатларга Халқаро қизлар кунини кенг нишонлаш, бутун дунё бўйлаб қизларнинг ҳаёт тарзи, ҳуқуқ ва эркинликлари, улар дуч келадиган ижтимоий муаммолар, яшаш шароитлари билан боғлиқ ҳолатларни тадқиқ этиш тавсия этилади.
Ўзбекистонда азал-азалдан аёллар, қизлар эъзозланган, улуғланган. Қиз бола тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда ҳам миллат давомчилари бўлган қизларни оналик мақомига муносиб этиб вояга етказиш ҳамда фаровон жамиятни қуришда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизларни тарбиялаш долзарб масалалардан ҳисобланади.
Айниқса, бўлғуси оила бекалари, келажагимиз эгалари ҳисобланмиш қизларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, муносиб шароитларда меҳнат қилиши, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда ҳаёт йўлларида дуч келаётган ҳар қандай муаммоларни бартараф этиш борасида жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йили йўлга қўйилган тизимга мувофиқ, 2020 йил 950 нафар, 2021 йил 2000 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
Жорий йилдан эса олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинди. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Бундан ташқари, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, Мономарказлар ташкил этилиб, қизлар касб-ҳунар ўрганишмоқда, имтиёзли кредитлар асосида ўз ишини бошлаб, бандлиги таъминланяпти. Ёки “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари ”ташкил этилиб, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдамлар берилмоқда. Хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имконият ва имтиёзлар бежиз эмас албатта. Зеро, донишмандлар айтганидек, ўғил болани тарбияласанг бир инсонни тарбиялаган, бир қизни тарбияласанг, бутун миллатни тарбиялаган бўласан.
Бугун, Халқаро қизлар куни муносабати билан самимий табриклаб, партиядош лобар қизларимизга, миллатимиз бунёдкори, давомчиси, келажагимиз эгаси бўлган қизларимизга сиҳат-саломатлик, ўқиш ва ишларида муваффақиятлар тилаймиз.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Аёллар қаноти раҳбари.