Ишончли вакил ғозғонлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили, партия вилоят кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаев Ғозғон шаҳрида «Шайхон» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Тадбирда партиянинг вилоят ва туман кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Ғозғон шаҳар кенгаши депутатлари, нуроний отахону онахонлар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар иштирок этди.

Мақсуд Нуруллаев тадбир иштирокчиларини Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли, 9 қисм, 115 банддан иборат сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар билан батафсил таништириб ўтди. Жумладан, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш, олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш ва бошқалар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда таъкидланганидек, нархлар сунъий равишда оширилиб юборилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим. Шунингдек, аҳолининг кам даромадли қатламларини ҳаёт учун зарур арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш зарур.

Учрашувда сўзга фаоллар номзоднинг дастурини ёқлаб, бўлажак сайловда Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.

 

Ўзбекистон ХДП Навоий вилояти кенгаши

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш