Мамлакат ва халқ манфаатлари ифодаланган дастур

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида мамлакатда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш ташаббуси илгари сурилган. Номзод  ушбу мақсадда маҳалла тизимини янада ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа масалаларни ҳал этишда унинг тўлиқ иштирокини таъминлаш, қабул қилинаётган қонунлар ва қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш лозим деб ҳисоблайди.

Мақсуда Ворисованинг Сурхондарё вилояти бўйича ишончли вакили Алишер Пардаев Ангор тумани сайловчилари билан ўтказган учрашувида тадбир иштирокчиларини Президентликка номзоднинг сайловолди дастуридан жой олган ушбу ташаббус ва таклифлар хусусида таништирди.

– Дастурда долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш, жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқароларнинг бевосита иштироки даражасини ошириш илгари сурилган, – деди Алишер Пардаев.

Ишончли вакил номзоднинг дастурида ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани, ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши лозимлиги, салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашни рағбатлантириш зарурлиги баён қилинганини маълум қилди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзоднинг дастури халқчиллиги, ундаги ташаббус ва таклифлар мамлакат тараққиёти, халқимиз турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Дастур юзасидан тадбир иштирокчиларининг саволларига номзоднинг ишончли вакили атрофлича жавоб берди ва барчани 24 октябрда бўлиб ўтадиган сайловда Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлашга чақирди.

 

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш