Ишончли вакил олис ҳудуддаги сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Бадриддин Насриев 18-сон мусиқа ва санъат мактабида Нуробод тумани сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Мазкур учрашувда туман Кенгаши депутатлари, МФЙ раислари ва фаоллари, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, бошланғич партия ташкилоти раислари, муассаса раҳбарлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон ХДП Нуробод туман кенгаши раиси Р.Усанов очиб берди.

Тадбирда номзоднинг ишончли вакили Бадриддин Насриев Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда Сайловолди дастури билан таништирди.

Қайд этилишича, номзоднинг сайловолди дастурида аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини амалга ошириш билан боғлиқ меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мажбурийлигини қонунчиликда мустаҳкамлаш, чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган устувор мақсадлар белгилаб олинган.

Учрашув давомида Нуробод туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Т.Хушмуродов, Халқ депутатлари Нуробод туман кенгаши депутати Х.Хазратовалар сўзга чиқиб, Сайловолди дастурда мамлакатда аҳолининг барча қатламлари давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиДлиш масалалари устувор мақсадлар сифатида белгилаб олинганини таъкидлашди.

Тадбир якунида ишончли вакил Б.Насриев йиғилганларни номзоднинг сайловолди дастури ҳамда сайлов жараёнлари юзасидан қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берди ва жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб номзодга овоз беришга чақирди.

 

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш