Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Юқоричирчиқ туманида содир бўлган ЙТҲ видеоси фойдаланувчилар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Тезликни ошириш, ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмай автомобилни бошқариш 18 ёшли ўспириннинг ҳаётдан эрта кўз юмишига олиб келди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, йил бошидан буён Ўзбекистонда 6 551 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улардан 1 682 таси ўлим билан тугаган. Жароҳат олганлар сони эса 5 920 тани ташкил этади. Йўл транспорт ҳодисаларининг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида содир этилган.
Ички ишлар вазирлиги томонидан яқинда эълон қилинган бу маълумотлар кишини ташвишлантирмай қўймайди, албатта.
1 682 та ўлим ҳолатининг қайд этилиши кўплаб оилалар боқувчисидан айрилгани ёки аёли, фарзанди, ё бирор яқинидан жудо бўлиб, бошига оғир ташвиш тушаганини англатади. Янада кенгроқ даражада таҳлил қилсак, 1 682 та ўлим - 1 682 та оила руҳий зарба олди деганидир. Ҳар бир оилада камида 4 киши яшаши мумкинлигини инобатга олсак, қарийб 7 минг одамнинг ҳаловати бузилади. Улар олган руҳий зарба қолган умрининг заволига ҳам айланиши мумкин. Бундан ташқари, автоҳалокатлар оқибатида тан жароҳати олган 5 920 нафар инсоннинг қанчадир фоизи бир умрга ногирон ёки носоғлом бўлиб қолганини ҳисобга олсак, бу давлат учун ҳам шу инсонларнинг ўзи учун ҳам ташвишли ҳолат эканини тушуниб етиш қийин эмас.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида биринчи навбатда республика бўйлаб автомактаблар фаолиятини жиддий ўрганиб чиқишни тавсия қилади. Боғчадан бошлаб олий таълим даргоҳларининг ўқитиш тизимигача ҳайдовчилик маданиятини ошириш, яъни йўлларда ҳаракатланиш чоғида ўзаро ҳурмат, бир-бирига йўл бериш, тезликни оширишнинг салбий оқибатларини тушунтирувчи махсус фан киритиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди.
Тан олишимиз керак, ҳайдовчиларимизда, айниқса, автомобиль ҳайдашга иштиёқи баланд ёшларимизда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданияти етишмайди. Ачинарлиси, аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмайди. Бунинг ортидан, ҳаракат хавфсизлигиги риоя этмаслик, бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳурмат қилмаслик каби ҳолатлар тез-тез кўзга чалинади. Бундай ҳатти-ҳаракатлар, охир-оқибат, йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади. Оқибатни ўйламаслик, ўзига ортиқча ишонч натижасида рўй берадиган бундай ҳалокатларда кимнингдир ҳаётдан бевақт кўз юмиши ёки ногирон бўлиб қолишини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди.
Жазони кучайтириш, жаримани ошириш билан ЙТҲлар содир этилишини камайтириб бўлмаслигини кўпчилик яхши билади. Қолаверса, шусиз ҳам маъмурий жарималар миқдори аҳолининг даромадларига нисбатан юқорилигича қолмоқда. Бизнингча, ҳайдовчиликка ўқитиш мактабларининг масъулиятини ошириш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш талабларини қатъийлаштириш, аҳоли ўртасида қўпол йўл ҳаракати бузилишларининг аянчи оқибатлари хусусида етарлича маълумот бериш ва ёш ҳайдовчилар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш борасида тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Токи, кўчага чиқиб автомобилни бошқараётган ҳайдовчи, йўловчи ва бошқа фуқаролар ҳам уйларига соғ-омон қайтишсин.
ЎзХДП Ахборот хизмати