Бугун Тошкент шаҳридаги Халқаро медиа холлда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясида иштирокига бағишланган брифинг ўтказилди.
Брифингда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, партия депутатлари ва фаоллар, кузатувчилар, жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловида иштирок этган ягона сиёсий партиядир. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Президент сайловига тайёргарлик кўриш доирасида партия Сайловолди дастурини кўриб чиқиш бўйича ишчи эксперт гуруҳ шакллантирилди ва мазкур гуруҳ томонидан партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Партиянинг сайловда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида асосий тадбирлар календарь режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, мазкур жараённинг барча босқичларини самарали ташкил этиш ҳамда фаолиятни тизимли мувофиқлаштириб бориш бўйича партия марказий сайлов штаби ташкил этилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг тажрибасига таяниб, сайлов кампаниясига ғоявий ва дастурий ҳужжатлари, янги имижи, янгича тарғибот воситалари, усулларини қайта кўриб чиқиш орқали киришди.
Натижада партиянинг янги сиёсий рекламаси ва имижи яратилди, ребрендинг ишлари олиб борилди. Партия рамзининг 10 дан ортиқ лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг муҳокамалар жараёнида логотип шакли мукаммаллашиб борди ва партия Марказий Кенгашининг IV пленумида Халқ демократик партиясининг янги рамзи тасдиқланди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан қайта давлат рўйхатидан ўтказилди.
Партиянинг марказий сайлов штаби таркиби, унинг вазифа ва ваколатлари аниқлаб олинди ҳамда партиянинг Ваколатли вакили белгиланди. Хусусан, партия ташкилотлари ҳузурида 1 та Марказий, 14 ҳудудий ва 202 туман-шаҳар сайлов штаблари тузилди.
Партиянинг 2021 йил 6 сентябрь куни бўлиб ўтган XII қурултойида Ўзбекистонда Президентлик сайловида иштирок этиш тўғрисида қарор қилинди ҳамда Номзоднинг Сайловолди дастури маъқулланди.
Сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам бериш, жойларда тарғибот ишларини олиб бориш бўйича номзоднинг 15 нафар ишончли вакили танлаб олинди ва МСК томонидан рўйхатга олиниб, гувоҳномалар берилди.Сайловолди ташвиқотида маҳалла, корхона ва ташкилотларда, ишлаб чиқариш объектларида номзод ва унинг ишончли вакиллари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ташкил этилди. Бунда, номзод вилоят марказларида, ишончли вакиллар эса маҳаллалар кесимда сайловчилар билан учрашувлар ўтказилди. Бугунги кунгача номзод ва унинг ишончли вакиллари, партия фаоллари томонидан жойларда 250 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ахборот маконидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича 6 та йўналишдан иборат партиянинг медиа дастури ва PR-стратегияси ишлаб чиқилди. Партиянинг www.xdp.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида фуқаролар билан алоқа қилиш тизимининг замон талабига мослаштириш мақсадида бир қатор интерактив алоқа хизматлари очилди ва сайт имкониятлари янада кенгайтирилди, партиянинг марказий ва ҳудудий кенгашлари қошида ахборот майдони бўйича ишловчи гуруҳлар шакллантирилди.
Партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши биносида энг замонавий ахборот технологиялар ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган Мультимедиа маркази ташкил этилди.
Сайловолди жараёни доирасида барча вилоят ва туманларда баннер ва бошқа ташқи реклама воситалари ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида жойлаштирилди. Номзоднинг таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастури ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида ва брайль алифбосида кўп минг тиражда чоп этилиб, рисола, флайер, календарь ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилмоқда.
Сайловолди ташвиқот ишлари учун сиёсий партиялар номзодларига тенглик тамойиллари асосида ажратиб берилган барча имкониятлардан самарали фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, интернет нашрлари, нодавлат телерадиоканаллар, нодавлат матбуот нашрлари орқали номзод ва унинг сайловолди дастури ҳақида маълумотлар мунтазам ёритилмоқда.
Сайлов кампаниясига Ўзбекистон Халқ демократик партияси катта тайёргарлик кўрган ҳолда кириб келди ва жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловида сайловчилар ишончини қозонишга умид билдиради.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати