Авваламбор, 2021 йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловида иштирок этиб, ўз фуқаролик бурчини сидқидилдан адо этган барча фуқаролар, жумладан, ёшлар, хотин-қизлар, нуроний отахон ва онахонларимизга, партиямиз тарафдорларига самимий миннатдорчилик билдираман!
Ишончим комил, мазкур сайлов – халқимизнинг улуғвор қудратига таяниб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва юртдошларимизнинг фаровонлигини оширишга қаратилган туб демократик ўзгаришлар изчил тус олганининг яна бир амалдаги исботи бўлди.
Биз сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган изчил ва тизимли ислоҳотлар натижасида улкан натижаларга эришилганини алоҳида эътироф этамиз.
Халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, сайлов тизимини эркинлаштириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш борасида мисли кўрилмаган чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди.
Бир сўз билан айтганда, ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ижтимоий давлат қуриш борасида улкан натижалар қўлга киритилди, юртимизда мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий муҳит шаклланди.
Янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади, десам, адашмаган бўламан.
Бугун жонажон Ўзбекистонимиз улкан имконият ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон халқ демкоратик партияси илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил этилган Президент сайлови – умумэътироф этилган очиқлик ва ошкоралик, кўппартиявийлик ва муқобиллик, қизғин ва кучли рақобат, адолат ва қонунийлик сингари демократик тамойилларга тўла мос равишда, ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтканини алоҳида таъкидлайди.
Фуқароларимиз ҳеч қандай босимсиз, эмин-эркин ўзлари танлаган номзодга овоз бердилар.
Сайловолди тарғибот ва ташвиқот жараёни ошкора муҳитда ўтказилгани сабабли, партиямиз ва номзодимизнинг ғоя ва таклифларини халқимизга, сайловчиларга тўлақонли етказишга муваффақ бўлдик.
Биз сайловолди ташвиқотининг барча шаклларидан фойдаландик. Жумладан, жойларда партиямиз томонидан кўрсатилган номзод ва унинг ишончли вакилларининг сайловчилар билан учрашувлари видеоконференц-алоқа воситаларидан кенг фойдаланилган ҳолда, бевосита мулоқот тарзида ўтказилди.
Шунингдек, сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситаларидан кенг миқёсда фойдаландик, ижтимоий тармоқларда фаол тарғибот олиб бордик.
Хусусан, сайловолди ташвиқотимизни ўтказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг теле ва радиоканаллари, маҳаллий телеканалларда, марказий ва маҳаллий газеталарда ажратилган бепул эфир вақтлари ҳамда саҳифалардан тўлиқ фойдаландик.
Сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда кўргазмали воситалардан ҳам самарали фойдаланиш чоралари кўрилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда сайлов жараёни очиқлик, ошкоралик каби демократик принциплар асосида ўтганлигидан далолат беради.
Сайловолди жараёнларида сиёсий партияларнинг ўзаро рақобати, жамият ривожига қаратилган таклифлари, бир-биридан фарқ қилувчи дастурий ғоя ва мақсадлари яққол кўзга ташланди.
Мамлакатимиздаги президентлик сайловлари тарихида илк бор ўтказилган номзодларнинг вакиллари ўртасидаги теледебатлар ҳам ушбу мақсадга хизмат қилди.
Энг асосийси, ушбу сайлов халқимизнинг муҳим сиёсий жараёнларга қизиқиши ҳар қачонгидан ҳам ошганлиги, ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалиб, юртимиз келажагига дахлдорлик туйғуси кучайганлигини ҳам яққол кўрсатиб берди.
Сайловчиларнинг номзодга дадил саволлар бериши, жўяли таклиф ва тавсияларини ўртага ташлаши – уларнинг мамлакатимиз тақдирига бефарқ эмаслигига тасдиқдир.
Маълумки, бу галги сайлов кампанияси пандемия шароитида ўтказилди. Бу ҳам сайлов тизимимиз учун ўзига хос синов бўлди. Муҳими, сайловолди тарғибот тадбирлари ва овоз бериш жараёни пандемия қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ташкил этилди.
Барча сайлов участкаларида партиямизнинг 21 мингдан ортиқ кузатувчилари ва ишончли вакиллари фаолият олиб бордилар.
Партиямизнинг кузатув натижаларига кўра, сайлов жараёнида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва сайловга оид бошқа қонунчилиги талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар умуман кузатилмаганини айтиб ўтмоқчиман.
Яъни, сайловнинг қонунийлиги ва адолатлилиги таъминланди.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича – Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод – ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев жуда катта фарқ билан ғолиб чиққанини эълон қилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг номзоди 6.6 фоиз овоз билан 2-ўринни эгаллади.
Биз буни халқимиз сиёсий иродасининг амалдаги ифодаси деб биламиз ва сайлов натижаларини тўла-тўкис тан оламиз.
Биз халқимизнинг ушбу танловини ҳурмат қиламиз ва қадрлаймиз.
Ҳурматли Шавкат Миромонович томонидан ишлаб чиқилиб, эълон қилинган “Янги Ўзбекистон стратегияси” халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин эгаллади.
Биз ҳам ўз навбатида сайланган Президентга халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва юртимиз равнақига қаратилган улуғвор мақсадларни рўёбга чиқаришда ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишга ва тинимсиз ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз!
Халқимизни ҳам ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев атрофларида бирлашиб, биргаликда олға қадам босишга чақириб қоламан.
Ҳурматли партиядошлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари!
Фурсатдан фойдаланиб, бизга ишонч билдирган юртдошларимизга, ушбу муҳим сиёсий жараённи бевосита кузатиб борган чет эллик кузатувчиларга, Марказий сайлов комиссиясига, партиямиз фаолларига ҳамда партиямизнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларига ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Мақсуда Ворисова,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод.