ХДП — катта тажрибага эга партия

 

Жорий йил 1 ноябрь куни - Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганига ўттиз йил тўлади. Агар инсон умри билан қиёсласак, ўттиз ёшда одам ёшлик даври билан хайрлашади. Ўқиб-ўрганган, билим олган, касб-ҳунар сирларини мукаммал эгаллаган ҳолда элу юрти, Ватани тараққиёти учун меҳнат қилишга астойдил бел боғлайди. Таъбир жоиз бўлса, партиямизнинг бугун ана шундай куч-қувватга тўлган, сиёсий майдонда бой ҳаётий тажриба орттирган пайти.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўтган йиллар мобайнида, ўзининг дастурий мақсад ва вазифаларини давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида, аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимояси ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлар манфааатларини ҳимоя қилишдек машаққатли, бироқ шу билан бирга масъулиятли, савобли сиёсий фаолиятни амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловда партиямиздан кўрсатилган номзодга сайловчиларнинг 6,6 фоизи овоз бергани ва мамлакатимиздаги бешта сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар ичида бу иккинчи кўрсаткич эканлиги партиямизнинг Сайловолди платформасини, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари ва маҳаллий Кенгашларда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳларидаги депутатларимиз, қолаверса 10208 та бошланғич партия ташкилотларига бирлашган 519 мингдан ошиқ партия фаоллари халқимизнинг ишончини қозониб улгурганидан далолат беради.

Айнан сўнгги йилларда мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотларда аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми манфаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда депутатларимиз, партия фаоллари кўплаб муаммоларни партиявий воситалар билан ҳал қилишда жонбозлик кўрсатмоқдалар. Айни пайтда бу ишларни янада кучайтириш ҳар бир партия ходими, депутат ва фаоллардан ташаббускорликни, фидоийликни талаб қилади.

Инсонга умр бир марта берилади. Шу сабаб, ҳар бир одам бу ёруғ дунёда фаровон турмуш кечиришга, фарзандларининг камолини кўришга, орзу-ниятлари ушалиб, ҳеч кимдан кам бўлмасликка интилади. Зотан, унинг бунга тўла ҳаққи бор. Айниқса, ҳозирги шиддатли даврда аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш