Халқ билан ҳамнафас партия

 

Саноқли кунлардан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганига 30 йил тўлади. Мамлакатимиз тарихидаги барча парламент ва Президент сайловларида иштирок этиб келаётган, бой тажрибага, электорат олдида катта обрў-эътиборга эга партиямиз юртимиздаги муҳим сиёсий кучлардан бири ҳисобланади.

Бизнинг атрофимизда салоҳиятли тарафдорларимиз, хотин-қизларимиз ва ёшларимиз жипслашган. Партиямиз мақсад ва ғояларини жойларда тарғиб қилишда уларнинг ўрни беқиёс. Халқ билан ҳамнафас бўлган депутатларимиз аҳоли дардини юракдан ҳис этиб, муаммоларни ҳал этиш бўйича эшикма эшик юргани учун ҳам уларни сайловчилар яхши танийди ва меҳнатларини эътироф этишади. Уларнинг кўмаги билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланяпти. Айни пайтда бундай ишларни янада кучайтириш ҳар бир партия ходими, депутат ва фаоллардан ташаббускорликни, фидойиликни талаб қилади.

Хабарингиз бор, яқинда биринчи марта Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловда партиямиз фаол иштирок этди. Партиямиздан кўрсатилган номзодга сайловчиларнинг 6,6 фоизи овоз бергани ва бу натижа сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар ичида 2-ўринни эгаллагани номзоднинг Сайловолди дастури халқчил ҳамда халқ томонидан эътироф этилганидан далолатдир. Бундан ташқари, бизнинг ғоялармиз ва илгари сурган мақсадларимиз халқимизнинг дарду ташвишлари билан ҳамоҳанглигини кўриш мумкин. Ушбу ишонч бизни янада фаол бўлиб ишлашга чорлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча сафдошларимизни, электоратимизни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 30 йиллиги билан самимий табриклайман. Партиядошларимизга ватанимиз равнақи йўлидаги фидокорона фаолиятида улкан зафар тилайман.

 

Мақсуд Нуруллаев,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш