Оила ва оилавий муносабатлар ижтимоий-тарихий ҳодисалардан ҳисобланади. Оилавий муносабатларнинг шаклланиши жамият маънавияти ва маданий тараққиёти даражасига амал қилинадиган урф-одат, анъана ва удумларга, кишиларнинг диний эътиқодларига боғлиқ. Оилаларнинг ташкил топиши ва миқдорий ўзгаришига таъсир қилувчи омиллардан бири унинг жамиятда тутган ўрни, инсонларнинг оилага бўлган муносабатидир.
Маълумки, оила жамият тараққиётининг муайян босқичида вужудга келади ва маълум муносабатларни ўзида акс эттиради. Жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг фаровонлиги, унда болаларни маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом қилиб тарбиялаш мамлакат бойлиги ва қудратини оширади.
Оила муносабатлари Асосий қонунимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топиб, XV боб, 63-66-моддаларда оила билан боғлиқ масалалар мустаҳкамлаб қўйилган. “Оила боби”нинг Конституциямизда алоҳида белгилаб қўйилиши бизда ушбу институт қанчалик муҳим эканлигидан далолат беради.
Афсуски, оилаларнинг бузилиши бугунги кунда жамият ҳаётидаги оғриқли муаммолардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Расмий маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолати бўйича мамлакатимизда 8871412 та оила мавжуд. Биргина жорий йилнинг 9 ойида юртимизда 206,7 мингта никоҳ қайд этилган. Шунинг билан бирга, ушбу даврда 29031 та никоҳ бекор қилинган. Энг кўп ажралиш ҳолатлари эса Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рўйхатга олинган.
Оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор тузилмасидир. Бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва ахлоқан тарбия топади. Оила тарбиясида доимий таъсирчан куч – оилавий тартиб, яъни оила аъзоларининг бир-бирига муносабати, ота-она ва катта ёшли қариндошларнинг хулқ-атвори, маданий ва сиёсий савияси, муомала маданияти, оиланинг даромади, шароити ана шу каби омиллардир.
Оила қанчалик мустаҳкам, хулқ-атворли, аъзоларининг ўзаро муносабатлари самимий бўлса, оила тарбияси ҳам шунчалик самарали бўлади. Бундай оилалар жамият таянчи, миллатимиз кўрки бўлиши шубҳасиз.
Жаҳонгир Олимов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.