Бугунги кунда мамлакатимизда 8210 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, улардан 4788 таси археология, 2265 таси архитектура объекти, 625 таси монументал санъат асари ҳамда 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда маданий мерос объектларида амалга оширилаётган таъмирлаш, реставрация ишлари давомида буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, экспертиза ташкилотлари томонидан объектларнинг тарихий ва бадиий қимматига жуда кўп миқдорда зарар етказиш ҳолатлари кузатилган. Мисол учун, Бухоро вилоятидаги Ситораи Моҳи Хоса тарихий мажмуасида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани оқибатида унинг бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига 28 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.
Бош прокуратура томонидан республика бўйича охирги уч йилда 320 та моддий маданий мерос объектида амалга оширилган асраш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ўрганилган ва кўплаб қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилишда «Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда кўриб чиқилиши жараёнида юқоридаги рақамлар келтирилди.
Ачинарлиси, минг йиллик тарихга эга қадимий обидаларимизда айрим масъул ва мансабдор шахслар томонидан ёки уларнинг рухсати билан амалга оширилган ноқонуний асраш ишлари оқибатида жуда кўп миқдорда тиклаб бўлмас зарар етказилган. Йўқотилган ёки зарар етказилган моддий маданий мерос объектларини асл ҳолатга келтириш имкони мавжуд эмас ва уларнинг ноёблигини қайта тиклаб бўлмайди. Афсуски, бундай ҳолатлар Жиноят кодексининг 132-моддасининг таҳририга кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киради.
Қонун лойиҳаси билан соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш, бундай тоифадаги объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш, бу турдаги жиноятлар бўйича дастлабки тергов ўтказишни прокуратура органларига юклаш, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдим-номаларини белгиланган муддатда ва тўлиқ бажарилмаганлиги юзасидан жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.
Муҳокамада сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, ушбу қонуннинг белгиланган тартибда қабул қилиниши мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектлари, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг ноёблигини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалардан сўнг биринчи ўқишда маъқулланди.
Фракция йиғилишида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги, «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ҳам электорат нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.
Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати