Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат ҳамда жамият ҳаётини ҳар томонлама ривожлантириш, юртимизда ҳар бир инсон ва оила учун фаровон турмуш яратишда фаол иштирок этиш орқали электорати манфаатини ҳимоя қилиш бўйича ўзининг аниқ мақсадлари ҳамда ғояларига эга бўлган сиёсий кучдир. Партиямиз “Бош мақсадимиз – халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш!”, “Ишончли ижтимоий ҳимоя – барқарорлик таянчи!”, “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!” “Ижтимоий ҳимоя – тараққиёт гарови!”, “Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи!” каби шиорлари остида ўзининг сиёсий мафкурасини белгилаб олган.
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ўз фаолиятини бугунги кун талаблари асосида кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаётир. Вилоятда партиямизнинг 40783 нафар аъзоси 792 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Улар сафи кундан кунга кенгайиб бормоқда. Партия аъзоларидан 16364 нафари аёллар ва 13786 нафари ёшлардир.
Бошланғич партия ташкилотлари фақат аъзоларни бирлаштирувчи, аъзолик бадалларини тўпловчи, тадбирларни ташкил этувчи тузилма бўлибгина қолмасдан, балки у партиянинг дастурий мақсадларини аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғиб қилиш бўйича ишларни ҳам бевосита олиб бормоқда. Шу боисдан вилоят партия Кенгаши томонидан қуйи бўғинлар ишини тизимли ташкил этиш, уларнинг етакчилари фаолликларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Бугунги кунда партия ташкилотларимиз иш фаолиятида асосий эътиборни халқ билан мулоқот қилишга қаратмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқот, партия қошида очилган Жамоатчилик қабулхоналари ишини янги замонавий қарашлар асосида ташкил қилиш, жойларда партия раҳбарлари ҳамда депутатларини сайёр қабулларга чиқишлари биринчи вазифа қилиб белгиланди. Натижада ўтган давр давомида 20 га яқин сайёр қабуллар ташкил этилиб, мурожаатчилар билан учрашувлар ташкил этилди ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Бундан ташқари, партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган даврда 550 тага яқин мурожаат тушди. Уларнинг катта қисми коммунал хизмат, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, ер ажратиш масалалари билан боғлиқ бўлмоқда. Шу пайтга қадар мурожаатларнинг 62 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолганлари бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан унинг ижросига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳаракат дастурига асосан ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда қабул қилинган дастурларнинг ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назорати олиб бориш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашларидаги партия гуруҳларимиз 10 та масалани сессиялар кун тартибига киритган бўлса, доимий комиссияларда 46 та, партия гуруҳлари йиғилишларида эса 49 та масала муҳокама қилинди. Шунингдек, 25 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилди.
Бугунги кунда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида 156 нафар партия гуруҳи аъзолари фаолият олиб бормоқда. Ўтган даврда партия гуруҳлари аъзолари томонидан вилоятдаги турли ташкилот ва идораларга 110 маротаба депутатлик сўрови юборилган бўлиб, шундан аксарияти ижобий ҳал этилган.
Партиямиз томонидан давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, жумладан, пенсионерлар ва ногиронлар, кам таъминланган оилалар вакиллари манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида ўндан ортиқ лойиҳалари ишлаб чиқилган. Масалан, “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз!” лойиҳаси ҳамда “Ижтимоий кўмак –ташаббускорликка йўл очмоғи керак”, “Аёллар ижтимоий ҳимояси – ижтимоий фаоллик пойдевори” форумлари доирасида 160 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг 100 дан ортиқ муаммолари аниқланди ва тегишли ёрдамлар кўрсатилди.
“Аёллар бандлиги – оила фаровонлиги гарови” ва “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли” лойиҳалари доирасида партия ташкилотларимиз томонидан 78 та тарғибот тадбири ўтказилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида 355 нафар хотин-қизнинг ишга жойлашиш, 167 нафар хотин-қизни касаначиликка жалб қилиш, 124 нафар хотин-қизга кредит олиш ҳамда 78 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашилди.
Партия электорати ҳисобланган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш ва жамиятнинг фаол кишисига айлантириш мақсадида “Аёллар соғлиги – жамият бойлиги” лойиҳаси ҳамда “Аёллар ижтимоий ҳимояси – ижтимоий фаоллик пойдевори” форумлари доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 53 та маҳаллада тиббий кўрик акциялари ташкил этилиб, 18070 нафар хотин-қиз ва 8850 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўтказилган тиббий кўриклар жараёнида уларнинг 1199 нафарида турли хил касалликлар аниқланган бўлса, 620 нафар хотин-қиз ва 424 нафар болага даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Маълумки, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил қилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Ёшлар халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлиги. Улар учун барча шарт-шароит яратилган, имкониятлар эшиги кенг очилган. Бунга жавобан ёшларимиз билим ва салоҳияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон микёсида ўзларини намоён этишмоқда.
Бу борада “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурида белгилаб берилган чора-тадбирлар ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини руёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашда борасида муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг оммага, айниқса, ёшларга тушунтириш мақсадида 120 дан ортиқ давра суҳбатлари, учрашувлар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари, турли ижтимоий лойиҳалар, форум ва кўрик-танловлар ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида партия сафига 2293 нафар аъзо қабул қилинган бўлса, шундан 981 нафарини ёшлар ташкил этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Жорий йилда Президентимиз ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш борасида беш муҳим ташаббусни илгари сурди. Шундан келиб чиқиб, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуслари бўйича вилоят партия кенгаши томонидан бир қатор лойиҳалар ва форумлар ўтказилди. Жумладан, Китоб туманида “Эзгу ғоядан – эзгу мақсад сари!” шиори остида ўтказилган форумда 200 нафар ортиқ ёшлар иштирок этди.
Юқорида таъкидланганидек, партиямизнинг асосий мақсади – давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Олдимизга қўйилган масъулиятли вазифаларнинг ижросини таъминлай олсак, электоратимиз ишончини қозонган бўламиз.
Олим Равшанов,
Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги
партия гуруҳи раҳбари