Аҳоли манфаатлари йўлидаги курашимиз давом этаверади

Истиқлолимиз билан тенгдош Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатнинг  ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилиб, Ўзбекистоннинг мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш, мамлакатда фуқаролик ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик, ҳар бир оила ва бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фаолиятининг пойдевори бўлиб келмоқда.

Бугун 30 ёшни қарши олган Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақил Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловида иштирок этган ягона сиёсий партиядир. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.

Сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва роли унинг электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганига қараб белгиланади, албатта. Шу маънода Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами, хусусан, жисмоний имконияти чекланган кишилар, вақтинча ишсиз ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, одамлар ҳаётини янада яхшилашга хизмат қиладиган, мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга таъсир кўрсата оладиган партиягина фаол қўллаб-қувватланади. Сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида масъулият билан иштирок этиш, аввало, жамоатчиликка, электорат вакилларига партия ташкилотлари ҳамда депутатларимизнинг амалий ишлари ҳақида кенг ахборот бериб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, Президент сайловида партиямиз номзодига катта ишонч билдирилди. Партиямиз номзоди иккинчи ўринни эгаллади.

Партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқариш учун унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. 2021 йил бошидан буён партия фракцияси ташаббуси билан парламент назорати сифатида 18 марта вазирлик, қўмита ва агентликларнинг долзарб масалалар юзасидан ахборотлари эшитилди, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, қонунчилик ташаббуси сифатида 9 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисига олиб чиқилди. Қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолати ҳамда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолардан келиб чиқиб, ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларига 40 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилди.

119 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ижроси жойлардаги партия гуруҳлари томонидан жамоатчилик ва депутатлик назорати сифатида ўрганилди. Яъни партиямиз нафақат вакиллик ҳокимиятини шакллантириш, шу билан бирга, давлат ҳокимияти идоралари фаолиятини назорат қилиш жараёнларида бевосита қатнашмоқда.

Бугунги кунда партиянинг қуйи бўғинлари фаолиятини кучайтириш, аъзолар сафини кенгайтириш, аҳолининг муаммолари ва уларни ташвишга солаётган масалаларни қуйи тизимгача тушиб ўрганиб боришга асосий эътиборимиз қаратилмоқда. Бу орқали халқнинг, сайловчиларнинг партиямизга – Халқ демократик партиясига бўлган ишончлари мустаҳкамланиб, сафларимиз йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Шубҳасиз, оддий одамлар дарди билан яшаётган партиямизнинг келажаги порлоқ. Партия аъзолари ва фаоллари мақсад ва вазифаларимиз ижроси йўлида сиёсий курашни давом эттираверади.

                                                        Дилором Имомова,

                                         Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

                                                 ЎзХДП фракцияси аъзоси

 
← Рўйхатга қайтиш