Ойдин тунлар бекаси

 

Тиббиёт ходимлари куни олдидан

 

Тун... Соат миллари беозоргина “чиқ-чиқ”лаб хонадаги сукунатни бузиб турибди. “Ой тўлишибди, - хаёлидан ўтказди Шоира опа. – Қани энди бу тун фақат бахти баркамол ўғил-қизлар дунёга келса. Тўлин ойдек гўзалб йўллари ойдин бўлса”...

Аёл тўлғоняпти. Чақалоқнинг чинқириб йиғлаши ҳаммани енгил тин олдирди. Гарчи тўлғоқ аччиғида кўзларидан севинч ёшларини тўкса-да, туғилажак фарзандининг тотли нафасини дилида хис этиб қувонди. Кўзи ярқ этиб очилган аёл қаршисида турган Шоира опага титроқ товуш билан “Раҳмат”, деди. Оғриғи чекингандек бўлди. Чақалоғини сийпалаб, унга куч-қувват бағишлаган дояга дилидаги барча эзгу ниятларини тўкиб сола бошлади.

— Опа, сизни биринчи қаватда кутишяпти.

Ҳамширанинг овози Шоирахонни сергаклантирди. Демак, яна кимгадир унинг ёрдами керак…

Бу икки йўл ўртасида турган аёлга оналик саодатини улашни бахт деб биладиган Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплекси мудири, акушер-гинеколог Шоира опа Аҳмедованинг касбий фаолиятидан бир лавҳа, холос.

Қаҳрамонимиз болалигидан шифокор бўлишни орзу қиларди, жамалак сочли қизалоқлик пайтидаги ўйинларда ҳам у ҳамиша оқ халатли врач бўларди. Аслида беморлар дардига малҳам бўлиш савобли юмуш бўлса, бир аёлнинг эсон-омон кўз ёриши, бир гўдакнинг ёруғ дунёга келишига кўмаклаши ундан-да савоблироқ амал. У шундай касбни танлади.

Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. 1994 йил олийгоҳни тамомлаб, меҳнат фаолияти вилоят туғруқхонасида бошлади. У ерда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ойшахон Қўчқорованинг қўлида амалиётни ўтади. Кейин туман марказий касалхонасида меҳнат қилди. 2009 йилдан буён туғруқ комплекси мудири вазифасида меҳнат қилмоқда. У ўн бир йилдан буён ўзининг раҳбарлик салоҳиятини ҳам намоён қилди. Машаққатли меҳнати туфайли эл назарига тушди, уни Халқ демократик партиясидан туман Кенгашига депутат этиб сайлашди.

– Бир кунда бир неча аёлнинг кўзи ёриса, шунча марта хавотир босади юрагимни, – дейди опа. – Кўзи ёриётган аёлнинг икки дунё оралиғида туриши бор гап-да. Токи туғруқ залида чақалоқ йиғиси янграмагунча, тўлғоқ азобини бошидан ўтказган онанинг юзига хотиржамлик инмагунча, бизнинг ҳам хотиржам нафас олишга хаққимиз йўқ. Қалбида иккинчи бир инсоннинг юрагини хис этиб турган она билан суҳбатлаиши нақадар бахт. У қанчалар илиқ туйғулар билан бизга мурожаат қилади. Аёл саломатлиги, фарзандининг тақдири бизнинг қўлимизда экан бажонидил хизматга тайёрмиз.

У раҳбарлик қилаётган катта ва аҳил жамоада тажрибали ходимлар бисёр. Гулнора Алихонова, Зоҳида Шамсиддинова, Дилором Тўламирзаева, Жамила Раҳмоналиева, Дилфуза Тожибоевалар ўз ишининг фидойилари. Улар ҳақида ҳар қанча яхши гапларни айтсак ярашади.

Шоира опага тажрибали акушер-гинеколог Адолат Қўзиева, Садбархон Азимовалар билан елкама-елка ишлаш бахти насиб этган. Ҳалол ва машаққатли меҳнатлари туфайли бугун устозлари каби эл эҳтиромида.

У қўни-қўшни, қариндош уруғнинг тўю ҳашамларида хотиржам ўтира олмайди. Дугоналарига ўхшаб гап-гаштакларга қўшилолмайди. Хаёли фақат ишхонасида, туғруқхонадаги ҳолатда бўлади. Бирор аёл менинг кўмагимга мухтож бўлиб қолмадимикан, келганлар эсон-омон фарзандини дунёга келтириб олдимикан, деган саволлар уни тинч қўймайди. Бундан опа сира афсусланмайди. Аксинча шарафли касбидан фахрланади. Яратганга шукроналар келтиради.

– Чақалоқларнинг беғубор қилиқлари, ширингина жилмайишлари чарчоқларимни тарқатиб юборади. Шундай лаҳзаларда касбимдан, аёллик бахтимдан кўнглим янада ёришиб, қалбим тўлқинланиб кетади. Юртимизда аёл қадри, унинг мавқейи ғоятда азиз ва юксак экани ҳар биримизни шижоат билан меҳнат қилишга, халқ манфаати йўлида изланишга ундайди, – дейди қаҳрамонимиз.

Опа билан хайрлашаётганимизда, туғруқ хонасидан чақалоқнинг “инга-инга”си эшитилди. Яна бир гўдак соғ-омон дунёга келди. “Инга”ларинг оламни тутсин, юрт вориси, дея кўнглимиздан ўтказдик.

 

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,

Наманган вилояти, Учқўрғон тумани.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш