Янги лойиҳадаги Меҳнат кодексининг аввалгисидан фарқли жиҳатларидан яна бири меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик масалаларига алоҳида урғу берилгани бўлди. Мавзу алоҳида бўлим сифатида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Лойиҳада унинг тушунчаси келтирилган. Унга кўра, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик ўз вакиллари тимсолида ходимлар, иш берувчилар, уларнинг вакиллари, давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими бўлиб, бу тизим якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш масалалари юзасидан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилган бўлади.
Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг 11 та асосий принциплари мустаҳкамланмоқда.
Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг 4 та даражалари белгиланаётган бўлиб, улар бошланғич даражада (ташкилотда ёки жисмоний шахс бўлган иш берувчида), ҳудудий даражада, тармоқ даражасида ва республика даражасида амалга оширилади.
Яна бир масала, жамоа келишувлари, жамоа шартномаси ҳамда иш берувчининг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган бошқа ички ҳужжатлари - меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий ҳужжатлари ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда.
Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик органлари тизимини бошланғич, ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар тузилиши ҳам мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, лойиҳада ҳар бир тизим бўйича комиссияларнинг тузилиш тартиби, таркиби, ваколат муддатлари, тугатиш асослари, шунингдек, комиссияларнинг мажлислари, қарорлари ҳақида ҳам нормалар акс этмоқда.
Шу билан бирга, жамоа шартномаси ва жамоа келишувлари алоҳида бобда, кенг ва тушунарли тарзда очиб берилганки, бу кодексдан фойдаланувчи учун жуда қулай ҳисобланади.
Жамоа шартномаси ва жамоа келишуви ўзи қандай ҳужжат?
Улар керакми?
Жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат эканлиги Кодекс лойиҳасида келтирилган.
Қолаверса, жамоа келишувининг ҳам тушунчаси аниқ қилиб ёзилган. Яъни, жамоа келишуви якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ходимлар учун ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тарафларнинг меҳнат шароитларини, бандликни ҳамда ижтимоий кафолатларни белгилашга доир мажбуриятларини ўз ичига олган, ходимлар ва иш берувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини келишиб олиш мақсадида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Айтиш керакки, жамоа шартномаси ҳам жамоа келишувлари ҳам фақатгина ёзма шаклда тузилиши курсатилган. Шунингдек, ушбу иккала ҳужжатнинг мазмунини ва тузилишини унинг тарафлари белгилаши билан бирга асосан қайси нормаларни ўз ичига олиши ҳам аниқ қилиб белгиланмоқда.
Одатда, мазкур ҳужжатларда меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар, нархларнинг ўзгаришидан, инфляция даражасидан, жамоа шартномасида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми, ходимларнинг бандлиги, уларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни ишдан бўшатиш шартлари, иш вақти ва дам олиш вақтининг, таътилларнинг давомийлиги каби кўплаб қоидалар бўлиши назарда тутилади. Демак, бу айниқса ходимлар учун керакли ҳужжатлар ҳисобланади.
Умуман юқоридагилардан кўриниб турибдики, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари бугунги меҳнат бозорининг ажралмас қисми бўлиб, унинг янги лойиҳадаги Меҳнат кодексида тартиб билан, кетма-кетлик асосида ва тушунарли тарзда баён этилгани мазкур Кодексдан фойдаланувчиларга қулайлиги билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.