Россия, жумладан, Москва қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида ишчи кучи етишмаслигидан қаттиқ азият чекаётган бир пайтда пойтахт вице-мэри Андрей Бочкарев шаҳар ҳукумати муҳожир ишчилар меҳнатидан босқичма-босқич воз кечиш режаси устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
РБК мухбири билан бўлган суҳбатда вице-мэр бу чора қурилиш соҳасида инновацион усулларни қўллаган ҳолда ишчи кучини кескин камайтириш мақсадида амалга оширилаётганини билдирар экан, журналистнинг режага шубҳа билан қараганига Хитой, Финляндия ва Буюк Британиядаги соҳа тажрибасини мисол сифатида келтирган. Лекин айни пайтда Россия ушбу давлатлардан инновация борасида ортда қолаётгани инобатга олинса, пойтахт ҳукуматининг муҳожирлар меҳнатидан воз кечиш ҳақидаги орзулари ҳақиқатдан анча йироқда эканига амин бўлиш мумкин.
Масаланинг яна бир жиҳати, ҳар йили хорижда доимий яшаш мақсадида Россияни 700-800 минг фуқаро тарк этмоқда. Иккинчи томондан, аҳоли сони йил сайин қисқариб бормоқда. Шундай бир паллада, Россия ҳукумати мамлакат шарқида, яъни Сибир ҳудудида ҳар бирида бир миллиондан аҳоли яшайдиган учта шаҳар қуришни режалаштиряпти. Бу улкан қурилиш майдонлари, миллионлаб ишчи кучи, дегани. Соҳадаги меҳнат кучига бўлган талабни эса мамлакат ўз фуқаролари ҳисобидан қондириши деярли имконсиз.
Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, ҳали-бери Россия меҳнат бозорида муҳожир ишчиларга бўлган талаб йўққа чиқмайди.
Ўрни келганда айтиш керак, яқин йилларгача хорижда меҳнат қиладиган, оиласини боқаётган, ватанига миллионлаб доллар валюта киритаётган меҳнат муҳожирларимизнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаган. Уларни хорижда иш билан таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалалар кун тартибига қўйилмаган. Эндиликда эса мазкур соҳада вазият тубдан ўзгарган. Меҳнат муҳожирларимизга қаратилаётган эътибор, уларнинг хорижий давлатларда ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида дипломатик корпусларимиз томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин. Лекин шу нарса, ҳақиқатки, ҳукуматимиз хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасида барча зарур чораларни кўрмоқда.
Асосийси, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳам йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Янги-янги тураржой массивлари, завод, корхоналар қурилмоқда ва бу лойиҳалар туфайли минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Кечагина хориж қурилиш бозорида меҳнат қилган фуқароларимиз бугун ўз уйида, яқинлари, оиласи даврасида меҳнат қилмоқда. Қурилиш соҳасида меҳнатга ҳақ тўлаш ҳам сезиларли тарзда ошди. Шунингдек, ҳукумат томонидан янги иш ўринлари яратиш соҳасида йирик лойиҳалар амалга ошириляпти.
Ушбу омилларни ҳисобга олсак, ишсизлар сони кўпайиб кетиши, аҳоли бандлигини таъминлашда янги муаммолар пайдо бўлиши хусусидаги хавотирлар асоссиздир.