Партиямиз фидойиси

 

Доно халқимиз аёл тимсолида онани, миллат келажагини кўради ва қадрлайди. Уларни эъзозлаш, алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш, азалий қадрият даражасига кўтарилган. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор алоҳида аҳамият касб этмоқда ва бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида узоқ гапириш мумкин.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоларининг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил қилаётганлиги ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Қувонарлиси, партиядошларимиз орасида ҳаётий тажрибага эга фахрийларимизнинг борлиги бизнинг ютуғимиз, деб биламан.

Улардан бири сифатида Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Назира Тоғаеванинг номини фахр билан тилга оламан. Опа нафақат вилоятимиз, балки республикамизда танилган инсонлардан бири. У нафақат изланувчан, талабчан, фидойи раҳбар, балки 2010-2014 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган бўлса, 2014 йилдан буён Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сифатида фаолият юритмоқда.

Депутатимизнинг амалий фаолияти ҳақида гапирадиган бўлсак, у кишининг саъйи-ҳаракатлари орқали 12 та ҳамкор ташкилотлар билан турли корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган бир қанча муҳим қўшма қарорлар имзоланди.

– 45-Миёнқол сайлов округи сайловчиларининг ишончини қозониб, вилоят Кенгаши депутатлигига сайланганман, – дейди Назира Тоғаева. – Хотин-қизларни иш жойларини ва турмуш шароитларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий билимлари, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини ривожлантириш мақсадида турли лойиҳаларни амалга оширишга эришдик. Хусусан, “Аёл ва ҳуқуқ”, “Аёл ва оила”, “Меҳнат кодексида аёллар ва ёшларга бериладиган имтиёзлар” мавзусида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказаяпмиз. Бундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни тарбиялаш, уларни маънавий, жисмоний жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этишга эришдик.

Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида олиб борилган ишлар натижасида 6 нафар фуқаро иш билан таъминланди. 100 нафар фуқарога тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар ва бошқа тарздаги амалий ёрдамлар берилди.

– Жорий йилнинг шу даврига қадар депутатимиз 22 марта аҳоли билан учрашув ўтказди, – дейди Ўзбекистон ХДП Хатирчи туман Кенгаши раиси А. Исломов. – Аҳолининг муаммолари, таклифлари, мурожаатлари юзасидан 13 марта тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Қувонарли томони, мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Хусусан, фуқароларнинг мурожаати асосида Хатирчи туманидаги Бадир ота қабристони атрофи девор билан тўлиқ ўралди. Яву қишлоғига янги трансформатор ўрнатилди. “Миёнқол” МФЙ ҳудудидаги Олмазор қишлоғининг 3,5 километр йўлига тош-шағал тўкилди, 4 та кўчадаги қўлбола симёғочлар ўрнига 62 та янги симёғоч ўрнатилди. “Хўжақўрғон” МФЙдаги узунлиги 2 километрга тенг зовур қазилиб, томорқаларни суғориш имконияти яратилди.

Биз Назира Тоғаева каби партиядошларимизни чексиз қадрлаймиз ва уларнинг фаолияти ёш сафдошларимиз учун ибрат мактаби бўлишига ишонамиз.

 

Мақсуд Нуруллаев,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси.

 

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш