Ёшлар билан ишлашнинг Фарғона тажрибаси

 

Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Келажагимиз эгалари учун кенг имконият ва шароитлар яратиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида муҳим ташаббуслар илгари сурилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, ёшларга оид давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналиш сифатида уларга замонавий билим бериш белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”, эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Ёшлар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўлишга эришиш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Партиянинг имижи унинг сафида бўлган ёшларнинг ташаббус ва ўз позициясига эга бўлишига бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, партиянинг Фарғона вилоят кенгаши тизимида ҳам ёшлар билан ишлашни янги боскичга олиб чиқиш, йигит-қизларни ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол жалб этиш мақсадида олий таълим ташкилотларида партиянинг ёшлар етакчилари тайинланди.

Бу борада жойларда бир қатор амалий ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Ёшлар 1+1” лойиҳаси бўйича “Ёшлар дафтар”ига киритилган ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларни темир дафтардан чиқариш чораларини кўриш бўйича ёшлар рўйхатларини манзилли шакллантириш, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлар йўлга қўйилди. Бу орқали барча депутатларга темир дафтарга киритилган ёшларни бириктириш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир ҳудуддаги депутатларга бир нафардан ёшлар бириктирилди. Бу борадаги амалий ишлар сифатида “Ёшларга кўмак!” лойиҳасининг Фарғона туманинг “Лоғон”, “Гулпиён” қишлоқларидаги хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ўзини-ўзи банд қилиши учун кўмаклашиш борасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб 198 нафар ёшларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилганини мисол сифатида келтириш мумкин.

Вилоят партия Кенгаши томонидан ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига ҳам доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Ёшларни партия сафига жалб этиш, фаоллигини ошириш, сиёсий қарашларини қўллаб-қуватлаш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентида вилоятимиздан 6 нафар ёш парламентчилар қонун лойиҳалари муҳокамаларида муносиб иштирок этиб келишмоқда. Бундан ташқари, партиямиз фаоллари МДҲ давлатлари ёш олимлари ўртасида ўтказилган халқаро танловда биринчи ўринни эгаллади ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Энг яхши мақола - 2021” халқаро илмий-амалий танловининг иштирок этиб, сертификат ҳамда эсдалик нишони билан тақдирланди.

Ёшлар – келажагимиз, эзгу ишларимизнинг давомчилари. Уларга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик, албатта, ўз мевасини беради. Бугун илм-фан сирларини ўрганаётган, ўз устида тинимсиз ишлаётган ёшларимиз халқимизнинг олтин фондидир. Билимли, салоҳиятли кадрлар билан эса ҳар қандай улуғ мақсадларни амалга ошириш мумкин.

 

Мунира Исомова,

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими.

 

 

 

Теглар

Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш